Yangi hujjatlar

БАРҚАРОР РИВОЖЛАНИШ

БАРҚАРОР РИВОЖЛАНИШшахс ва жамият ҳаётини ташкил этишнинг янги модели. Сайёрамизда юзага келган вазият экологик муаммоларни кишилик жамиятининг барча жиҳатлари б-н комплекс равишда ҳал этишнинг янги йўлларини излаб топишга ундамоқда. Б.р.нинг замонавий концепцияси атроф–муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан самарали фойдаланишни ижтимоий ва иқтисодий муаммолар б-н биргаликда ҳал этишга чақиради. Маҳаллий, миллий, минтақавий ва глобал миқёсдаги бошқарув–хўжалик фаолиятини такомиллаштиришни назарда тутади. Унда ҳар бир раҳбар, уюшма ва барча кишидан ердаги ҳаётни сақлаб қолишдаги ролини кўрсатиб беради. Евроосиё қитъасида мустақил давлатларнинг «оёққа туришида» уларга бир қатор салбий оқибатлар халақит бермоқда. Биринчидан–иқтисодиёт назарияси қонуниятларига мувофиқ, жамиятда сиёсий иқлимнинг кескин ўзгариши ноқулай ижтимоий–иқтисодий талофатлар б-н бир қаторда ноқулай экологик шароитларни юзага келтиради. Нуфузли ЮНЕСКО ташкилотининг собиқ бош котиби Фредерик Майорнинг фикрича, “Кишилар ва табиат ўртасидаги иқтисодий муносабат шакли экологик беқарорликни келтириб чиқаради, бу эса ўз навбатида барқарор бўлмаган ижтимоий–иқтисодий ривожланишга олиб келади». Собиқ Иттифоқининг қайта қуриш давридан (1985 й.дан) то ҳозирги кунгача бўлган янги тарихини таҳлил қиладиган бўлсак, ХХ асрнинг 90 й.ларига келиб янги таркиб топган давлатларда ижобий ижтимоий–иқтисодий ўзгаришларни қўллаб–қувватлаш ва барқарор ривожланишни таъминлаш мақсадида янги Европа ривожланиш банки, Осиё ривожланиш банкининг регионал бўлинмалари каби халқаро ташкилотлар юзага кела бошлаганлигини кўриш мумкин. Ушбу банклар ўз фаолиятини ҳуқуқий демократик давлат қуриш, фуқаролик жамиятини шакллантириш, терроризм, экстремизм, диний фанатизмнинг олдини олиш каби сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий оқибатларни ҳамда экологик муаммоларни чуқурлаштирувчи табиий ресурслардан фойдаланишнинг экстенсив усулларини қўллашни бартараф этиш ва йўқотишни молиявий жиҳатдан таъминлашга қаратмоқда. Сайёрамизда юзага келаётган ижтимоий–иқтисодий мутаносиблик халқаро терроризм, этник тўқнашув, шовинизм, экстремизм ва глобал миқёсда экологик мувозанатнинг бузилишига олиб келмоқда. Мазкур глобал муаммолар турли даражадаги ва тоифадаги саммит, конференция, симпозиум каби халқаро анжуманларда муҳокама қилинмоқда, уларнинг қабул қилган қарорларида барқарор ривожланишнинг стратегияси ва тактикасига доир режалар ва дастурлар ишлаб чиқилмоқда. Аксарият давлат бошлиқлари, сиёсий ҳаракатлар раҳбарлари ва жамоат арбоблари сайёрамиздаги барча давлатларнинг барқарор ривожланишини таъминламай туриб халқаро ҳамжамиятнинг тинч–тотув яшаши, эртанги кунига ишонч кўзи б-н қараши имкониятини йўқлигини уқтирмоқдалар. Б.р. концепциясини яратилиш тарихи халқаро ҳамжамиятнинг атроф–муҳитни муҳофаза қилишга оид ҳаракатларидан бошланганлиги таъкидланади. (муал. – А.Нигматов)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига