Yangi hujjatlar

БАЖАРУВЧИ

БАЖАРУВЧИ – ЖКнинг 28-м.га кўра, жиноятни бевосита, тўла ёки қисман содир этган ёхуд ЖКга мувофиқ жавобгарликка тортилиши мумкин бўлмаган шахслардан ёки бошқа воситалардан фойдаланиб жиноят содир этган шахс. Иштирокчиликда содир этиладиган жиноятларда бажарувчи – марказий фигурадир. Б. фақат у б-н бирга ўз функционал ролини амалга оширадиган бошқа шахслар – ташкилотчи, далолатчи ва ёрдамчилар ҳаракат қилганда мавжуд бўлади. Б. деб жиноятни бевосита тўла ёки қисман содир этган шахсга айтилади. Қонунга мувофиқ жавобгарликка тортилиши мумкин бўлмаган шахслардан ёки бошқа воситалардан фойдаланиб жиноят содир этган шахс ҳам Б. ҳисобланади. Жиноятнинг бажарувчиси муайян жиноят субъектини тавсифловчи белгиларга эга бўлган шахсгина бўлиши мумкин, акс ҳолда унинг қилмишида жиноят деб тан олиниши ва жиноий жавобгарликка тортилиши учун зарурий шарт сифатидаги жиноят таркиби мавжуд бўлмайди. Бу барча субъектларга хос умумий белгиларгагина эмас (муайян ёшга тўлганлик, ақли расолик), балки махсус субъектни тавсифловчи белгиларга ҳам тааллуқлидир. Агар махсус субъектни талаб этувчи жиноят таркибларидан бири бўйича жавобгарликка тортилаётган шахс уни шундай субъект сифатида тавсифловчи белгиларга эга бўлмаса (мас., мансабдор шахс, ҳарбий хизматчи, терговчи, судья ва ҳ.к. бўлмаса), у ЖК Махсус қисми тегишли м.да қайд этилган жиноят таркиби объектив томонига тааллуқли муайян ҳаракатларни содир этган тақдирда ҳам мазкур жиноятнинг Б.си бўла олмайди. Қонунчилик томонидан мустаҳкамланган таърифда иштирокчиликнинг бир қанча белгилари ажратиб кўрсатилган. Биринчидан, жиноятни тўла ёки қисман содир этиш. Жиноятни тўла содир этиш – бу Ж.К. Махсус қисми тегишли м. диспозициясида белгиланган қилмишнинг тўлиқ тарзда бажарилишидир. Бу ҳолда жиноят таркибининг объектив томони тўлиқ амалга оширилади. Жиноятни қисман содир этиш жиноят объектив томонини ташкил этувчи қилмишни содир этиш, бироқ жиноят Б.га боғлиқ бўлмаган ҳолатларда ёки м.нинг диспозициясида (жиноят моддий таркибларида) кўрсатилган жиноий оқибатларнинг келиб чиқмаганлигида ифодаланади. Иккинчидан, жиноятнинг бевосита содир этилиши. Бевосита содир этиш деганда шахс–жиноят Б.сининг жиноят объектив томонини бевосита ва амалда содир этиши тушунилади. Жиноятнинг объектив томони жиноий жавобгарлик ёшига етмаганлик ёки ақли норасолик аломатлари бўйича жавобгарликка тортилиши мумкин бўлмаган шахслар томонидан бажарилишига қаратилади. Мас., агар жиноят муайян қилмиш учун жиноий жавобгарлик ёшига етмаган – вояга етмаган шахс томонидан содир этилса, уни жиноят содир этишга ундаган шахс бажарувчи бўлиб ҳисобланади, унинг вояга етмаган шахсга нисбатан ҳаракатлари эса вояга етмаган шахсни жиноят содир этишга жалб қилиш сифатида ЖК 127-м. 3–қ. бўйича тавсиф қилинади. Вояга етган шахсларнинг иштироки б-н содир этиладиган вояга етмаган шахсларнинг жиноятларини кўриб чиқишда вояга етган шахс ва вояга етмаган шахс ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг характерини синчиклаб ўрганиш лозим. Бу маълумотлар вояга етган шахснинг вояга етмаган шахсни жиноят ва жамиятга қарши бошқа қилмишларни содир этишга жалб этишдаги ролини аниқлашда муҳим аҳамият касб этиши мумкин. Шуни назарда тутиш лозимки, вояга етмаган шахсни жиноят содир этишга жалб қилиш учун жиноий жавобгарликка 18 ёшга тўлган ва жиноятни қасддан содир этган шахслар тортилишлари мумкин. Шунингдек, вояга етган шахс ўз ҳаракатлари б-н вояга етмаган шахсни жиноят содир этишга жалб этаётгганлигини англаганлиги ёки йўл қўйганлигини аниқлаш лозим. Агар вояга етган шахс жиноят содир этишга жалб қилаётган шахснинг вояга етмаганлиги ҳақида билмаган ёки билиши мумкин бўлмаган бўлса, у ЖК 127-м. бўйича жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин эмас. Бу ҳолда ақли норасо томонидан бошқа шахс далолатлари орқали жиноят содир этиш ҳолатлари каби охиргисининг хатти-ҳаракатлари бажарувчилик, бевосита жиноят содир этган шахснинг хатти-ҳаракатлари эса жиноят содир этиш воситаси сифатида тавсифланиши лозим. (муал. – Ш.Абдуқодиров)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига