Yangi hujjatlar

БЕВОСИТА ДЕМОКРАТИЯ

БЕВОСИТА ДЕМОКРАТИЯ – халқнинг ўз ҳокимиятини бевосита амалга ошириш шакллари ва воситалари (и-тлари) мажмуини қамраб олувчи тушунча. Бевосита демократия негизини ЎзРнинг Конс. ташкил этади. Конс.нинг 7-м.га мувофиқ, ЎзРда халқ давлат ҳокимиятининг бирдан–бир манбаидир. Давлат ҳокимияти халқ манфаатларини кўзлаб ва Конс. ҳамда унинг асосида қабул қилинган қонунлар ваколат берган идоралар томонидангина амалга оширилади. Жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари халқ муҳокамасига тақдим этилади, умумий овозга (референдумга) қўйилади. Референдум ва сайловдан ташқари, Б.д. и-тларига муҳим давлат қарорлари ва қонунлар муқокамаси, петициялар, халқ ташаббуслари, фуқароларнинг яшаш ва иш жойидаги йиғилишлари киради. Ҳуқуқ фанида бевосита демократия и-тларини икки гуруҳга: императив ва консультатив хусусиятга эга и-тларга ажратиш қабул қилинган. Б.д. императив шаклларининг ўзига хос хусусияти шундан иборатки, халқ томонидан қабул қилинган қарор узил–кесил, мажбурий ҳисобланади, давлат органлари ёки маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тасдиқлашни тақозо этмайди (улар фақат мазкур қарорни расман қабул қилинган деб эълон қилишлари мумкин). Б.д.нинг императив шаклларига императив референдум ҳамда депутатлар ва сайлаб қўйиладиган мансабдор шахсларни халқ томонидан сайлаш киради. Б.д. консультатив шаклларининг ўзига хос хусусияти шундаки, улар ёрдамида аниқланган халқ (аҳоли)нинг хоҳиш–иродаси тегишли давлат органи ёки маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органининг қарорида ўз аксини топади. Лекин орган ўз ҳужжатининг узил–кесил матнини ўзи мустақил таърифласа–да, у халқ (аҳоли)нинг хоҳиш–иродасини ўзгартира олмайди. Б.д.нинг консультатив шаклларига консультатив референдумлар (сўровлар), халқ муҳокамалари, ташаббуслари (шу жумладан, ҳуқуқ ижодкорлиги ташаббуслари), петициялар киради. Фуқаролар йиғилишларининг қарорлари айрим ҳолларда (мас., маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларини сайлашда, депутатликка номзодларни кўрсатишда) императив хусусиятга эга бўлса, бошқа ҳолларда (мас., микротуманда ёки аҳоли яшайдиган пунктда янги объект қурилиши юзасидан ўз фикрини билдиришда, маҳаллий тузилма бошлиғининг билдиришини муҳокама қилишда) консультатив хусусиятга эга бўлади. «Тўғридан–тўғри демократия», «бевосита халқ ҳокимиятчилиги» тушунчалари ҳам Б.д. тушунчаси б-н бир хил маънога эга. Б.д. бу – демократиянинг муҳим йўналиши бўлиб, фуқароларнинг жамият ва давлат ишларида тўғридан–тўғри қатнашишлари, мамлакатда олиб бориладиган сиёсатга ва сиёсий ўзгаришларга ўз муносабатларини билдиришларидир. Б.д.да ҳар бир фуқаронинг хоҳиш–иродаси, сиёсий талаб ва таклифлари акс этади. Б.д.нинг дастлабки кўринишлари қулдорлик жамиятида рўй берган. Ўша даврларда жамият аъзолари мамлакат ва давлат ҳаётига доир масалаларни ҳал қилишда тўғридан–тўғри иштирок этишган, катта–катта йиғинлар ўтказилиб, уларда қулдорлик давлати олиб борган сиёсатга муносабат билдирилган, сиёсий ҳокимиятга уларнинг ўзлари учун маъқул бўлган кишилар тавсия қилинган. Мас., қадимги Афинада халқ йиғини сиёсатнинг ҳамма асосий масалаларини қараб чиққан ва ҳал қилган. Б.д.нинг бирмунча такомиллашган шакли ХХ асрнинг ўрталарида Ғарбий Европа мамлакатлари ва АҚШда вужудга келди. Мазкур мамлакатларда халқ оммаси ва ҳар бир фуқаро жамият ва давлат ишларини бошқариш, мамлакатда олиб борилаётган ички ва ташқи сиёсатга ўз муносабатларини билдиришда тўла эркинлик асосида ҳаракат қила бошладилар. Б.д.нинг амал қилиши сиёсий тузумларга ва уларда ҳукмрон бўлган сиёсий кучлар фаолиятига кўп жиҳатдан боғлиқдир. Мас., тоталитар ва авторитар сиёсий тузумларда б.д. чекланган бўлади. Уларда кучли давлат ҳокимияти ўз иродасини фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бўғишга, уларнинг жамият ишларида фаол иштирок қилишларига қарши қўяди. (муал. – Б.Тўраев)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига