2013 йил 7 октябрь куни Президент Ислом Каримов “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини имзолангани ҳақида хабар берган эдик.
Мазкур Қонунга кўра, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига бир қатор ўзгартишлар киритилди.
Хусусан, 47-модда қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилди:
Болаларнинг мажбурий умумий ўрта таълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олишига ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан тўсқинлик қилиш —
энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Бугунги кунда юртимизда энг кам иш ҳақи миқдори 91.530 сўм эканлигини ҳисобга олсак, юқоридаги маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган шахслар 457.650 сўмдан 915.300 сўм миқдоридагача жаримага тортилади.
Эслатиб ўтаман, бунгача Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 47-моддасининг олдинги таҳрири қуйидаги кўринишда эди:
47-модда. Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик
Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келиши —
энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Юклаб олиш учун мавзуга доир ҳужжатлар:
1. “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида” ЎзР Қонуни
2. Болаларнинг мажбурий таълим олишига тўсқинлик қилган ота-оналар жарима тортиладиган бўлди