Yangi hujjatlar

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Бюджет кодекси лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди

16-17 октябрь кунлари Олий Мажлис Қонунчилик палатасида сиёсий партия фракциялари ҳамда Экоҳаракат депутатлари гуруҳи томонидан Бюджет кодекси лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Бу ҳақида, Қонунчилик палатаси расмий сайти хабар берган.

Хусусан, 16 октябрь куни Халқ демократик партияси ҳамда “Адолат” социал-демократик партияси фракциялари томонидан мазкур қонун лойиҳаси атрофлича муҳокама қилинган бўлса, 17 октябрь куни эса Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва “Миллий тикланиш” демократик партиясининг фракциялари, шунингдек, Экоҳаракат депутатлари гуруҳи томонидан кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодекси лойиҳаси умумий ва махсус қисмлардан, саккизта бўлим, йигирма еттита боб ва 203 та моддадан иборат бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг асосий иккита “Бюджет тизими тўғрисида”ги ва “Давлат бюджетининг ғазна ижроси тўғрисида”ги қонунларини, бюджет жараёнининг алоҳида масалаларини тартибга солувчи олтита қонун ва бошқа бир қатор ҳужжатларни қамраб олган.

Шунингдек, йиғилишларда “Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодекси қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ҳам биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Мазкур қонун лойиҳасининг асосий мақсади қонунчилик ҳужжатларини, жумладан, “Жойлардаги давлат ҳокимияти тўғрисида”ги ва “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги қонунларнинг, Ўзбекистон Республикаси Жиноят ва Солиқ кодексларининг айрим моддаларининг Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексига мувофиқлаштирилиши, шунингдек, “Бюждет тизими тўғрисида”ги ва “Давлат бюджетининг ғазначилик ижроси тўғрисида”ги қонунлари ўз кучини йўқотиши кўзда тутилгани қайд этилди. Мазкур Қонун саккизта моддадан иборат.

Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексини 2014 йил 1 январдан амалга киритиш таклиф қилинмоқда.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (0)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига