Yangi hujjatlar

Сенаторлар 2015 йилги Давлат бюджетини тасдиқладилар

2014 йил 13 ноябрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини тасдиқлаш тўғрисидаги масалани кўриб чиқилди. Бу ҳақида, Олий Мажлис Сенатининг Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Аввалроқ, Давлат бюджетини тасдиқлаш жараёнида келаси йилги солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари муҳокама қилинганлиги ва бир қатор солиқлар камайтирилганлиги ҳақида маълумот берган эдим.

Шунингдек, мамлакатимизнинг бош молиявий ҳужжатини муҳокама қилиш асносида сенаторлар томонидан ижтимоий соҳа харажатларини кўпайтириш тамойили сақланиб қолаётганлиги қайд этилди. Чунончи, Давлат бюджетининг ижтимоий харажатлари жорий йилдагига нисбатан келаси йилда 1,2 баравар кўпаяди. Хусусан, мамлакат олий ўқув юртлари, умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлари ўқув-лаборатория корпусларини, шунингдек, тиббиёт муассасаларини қуришни, реконструкция қилишни, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлашни молиялаштиришга катта миқдорда маблағ йўналтирилади. Давлат бюджетидан 138 та соғлиқни сақлаш объектини қуриш ва батамом замонавий техника билан жиҳозлашга 495 миллиард сўм, 246 та умумтаълим мактабини, 42 та академик лицей ва касб-ҳунар коллежини реконструкция қилишга, шунингдек, 246 та ўрта ва ўрта махсус таълим муассасасини мукаммал таъмирлашга 479 миллиард сўм ажратиш назарда тутилган. 72 та туман тиббиёт муассасаси қурилади. Умуман, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларини молиялашга қилинадиган давлат харажатларининг ўсиши 2014 йилдагига нисбатан қарийб 22 фоизни ташкил этади.

Марказлаштирилган инвестициялар ҳисобидан ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилма объектларини барпо этишга, шу жумладан, қишлоқ жойларда янги ташкил этилаётган уй-жой массивларини сув билан таъминлаш объектлари қурилишига зарур маблағлар ажратилади.

Умуман, 2015 йилги Давлат бюджетида, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетларида ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларида аҳоли даромадлари ва турмуш даражасини оғишмай ошириб бориш назарда тутилмоқда. Бунга иш ҳақи, стипендиялар, ижтимоий нафақалар ва пенсиялар миқдорини инфляция суръатларидан юқори даражада ошириб бориш йўли билан, бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг манзиллилигини кучайтириш, бюджетлараро муносабатлар тизимини янада ислоҳ қилган ҳолда, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бюджетлар даромад базасини кенгайтиришдан ҳамда ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини таъминлашдан манфаатдорлигини ошириш ёрдам беради.

Сенаторларнинг чиқишларида 2015 йилги Давлат бюджетининг, давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ҳамда солиқ ва бюджет сиёсати асосий йўналишларининг параметрлари, умуман, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларига, жамият ҳаётининг ҳамма соҳаларида ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва аҳоли фаровонлигини изчил ошириб боришнинг стратегик дастурига мос эканлиги кўрсатиб ўтилди. Муҳокама якунлари бўйича сенаторлар Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини тасдиқладилар ва тегишли қарор қабул қилдилар.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (4)
  • Йўқ (2)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига