Yangi hujjatlar

Депутатлар Ўзбекистоннинг 2016 йилги Давлат бюджетини қабул қилди

2015 йил 11 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар Ўзбекистон Республикасининг 2016 йилги – Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, шунингдек, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳаларини кўриб чиқдилар. Бу ҳақида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ахборот хизмати хабар бермоқда.

Мажлисда ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – молия вазири Р.Азимов ҳамда Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси А.Шодмонов маъруза қилдилар.

Депутатлар келгуси йилга шакллантирилган солиқ-бюджет сиёсатининг асосий йўналишларида, шунингдек асосий макроиқтисодий кўрсаткичларда ялпи ички маҳсулотнинг 7,8 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 8,2 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 6,1 фоизга, капитал қўйилмалар ҳажми 9,6 фоизга ўсиши назарда тутилаётганлигини алоҳида қайд этдилар.

2016 йилги Бюджетнома лойиҳасида микрофирма ва кичик корхоналарга мансуб бўлган хизмат кўрсатувчи корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкасини 6% дан 5% гача тушурилиши таклиф этилмоқда. Бу мазкур корхоналар ихтиёрида 58,4 млрд.сўм қолдириш имконини беради.

2016 йилги Давлат бюджети лойиҳасида маданият муассасаларини таъминлаш ва спорт тадбирларини ўтказиш учун ажратилган харажатлар ҳажмини жорий йилга нисбатан 1,16 баравар ошириш назарда тутилган.

2016 йилги Давлат бюджети лойиҳасида фан соҳасига ажратилган харажатлар жорий йилга нисбатан 1,36 баравар оширилган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокама чоғида билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг 2016 йилги Давлат бюджетини ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларини ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини тасдиқлади ҳамда тегишли қарор қабул қилди.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (35)
  • Йўқ (9)
  • Бироз (2)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига