Yangi hujjatlar

ДАВЛАТ ТУЗИЛИШИ ШАКЛИ

ДАВЛАТ ТУЗИЛИШИ ШАКЛИ – конституциявий ҳуқуқ фанида давлатнинг ички тузилиши, унинг таркибий қисмларга – маъмурий–ҳудудий бирликларга, мухтор сиёсий тузилмалар ёки суверен давлатларга бўлиниши. У, шунингдек, умуман давлатнинг ҳамда унинг алоҳида қисмларининг ўзаро нисбати хусусиятини ҳам акс эттиради. Д.т.ш.нинг икки асосий тури мавжуд. Уларнинг оддийси – унитар давлат. Бу – фақат маъмурий–ҳудудий қисмларга бўлинадиган ягона давлат тузилмаси. Унитар давлатда бутун мамлакат учун умумий бўлган давлат ҳокимияти ва бошқаруви олий органлари, ягона суд тизими фаолият кўрсатади, ягона конституция амал қилади. Мас., Англия, Франция, Италия, Венгрия, Чехия унитар давлатлардир. Федерация давлат тузилишининг анча мураккаб шакли ҳисобланади. Федератив давлат бир қанча бошқа давлатлардан ёки федерация аъзоси (субъектлари) бўлган давлат тузилмалари (штатлар, кантонлар, иттифоқдош ёки автоном республикалар ва б.)дан таркиб топади. Уларнинг ҳар бири ўз маъмурий–ҳудудий бўлинишига эга. Бутун федерация учун умумий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари б-н бир қаторда, ҳар бир федерация субъектининг ҳудудида ўз давлат ҳокимияти ва бошқаруви олий ва маҳаллий органлари фаолият кўрсатади. Федерация аъзолари (субъектлари) ўз суд ва б. органларига ҳам эга бўлади, ўз конституцияси ва қонунларини қабул қилади. Конфедерация нисбатан кам тарқалган д.т.ш.дир. Конфедерация давлатлар бирлашмаси ёки иттифоқи бўлиб, уни ташкил этувчи давлатлар ўз мустақиллигини тўла сақлаб қолади, ўз ҳокимият, бошқарув ва адлия органларига эга бўлади, ўз фаолиятини мувофиқлаштириш учун конфедерацияга аъзо давлатлар қўшма органлар тузади. Мазкур органлар қатъий белгиланган соҳаларда фаолият кўрсатади ва қатъий белгиланган (иқтисодий, сиёсий, ҳарбий ва б.) мақсадларни кўзлайди. Конфедерацияга баъзан давлатларнинг федерацияга бирлашиш сари тутган йўлидаги оралиқ бўғин деб ҳам қаралади. Ҳозирги вақтда расмий – юридик жиҳатдан Швейцария конфедерация ҳисобланади. Лекин амалда у федерациядир. Конфедерация аломатлари Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) да ҳам мавжуд, лекин МДҲ конфедерация эмас. (муал. – Б.Тўраев)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига