Yangi hujjatlar

Эмомали Раҳмон қандай қилиб Тожикистон президентлигига тўртинчи марта сайланди?

Хабарингиз бор, 6 ноябрь куни Тожикистонда навбатдаги Президентлик сайловлари бўлиб ўтди. Бугунги ўтказилган брифингда Тожикистон Сайловлар ва референдумлар бўйича марказий комиссияси раиси Шермуҳаммад Шоҳиён Халқ демократик партияси, Мустақил касаба уюшмалари федерацияси ва Республика ёшлар иттифоқи вакили Эмомали Раҳмон сайлов варақаларининг дастлабки ҳисоб-китоблари бўйича сайловчиларнинг 83,6% овозини тўплашга муваффақ бўлганини эълон қилди. Бу ҳақида Daryo.uz хабар бермоқда.

emomali-rahmon

Президентликка қолган номзодлар — Иқтисодий ислоҳотлар партияси вакили Олимжон Бобоев жами овозларнинг 3,8 фоизини, Толиббек Бухориев (Аграр партия) 4,5 фоизини, Исмоил Талбаков (Коммунистик партия) 5 фоизини, Абдуҳалим Гаффаров (Ижтимоий партия) 1,5 фоизини, Саиджафар Исмонов (Демократик партия) 1 фозини тўплагани маълум бўлди.
Тожикистон Президентлигига сайловлар мамлакатдаги 3158 сайлов участкаларида, шунингдек, бошқа 27 давлатдаги 61 участкада бўлиб ўтди. Сайловнинг расмий якунлари ҳақида сайловдан сўнг ўн кун ичида хабар берилади.

Тожикистонда Президентлик лавозими 1990 йил 30 ноябрда ташкил топган (бизда ўша йили 24 март). Агарда Тожикистон Республикаси Конституциясига назар ташлайдиган бўлсак, 65-моддасида бир шахс сурункасига икки маротабадан ортиқ Президентликка сайланиши мумкин эмаслиги назарда тутилган. Аммо 2003 йилда Конституциянинг Президентлик сайлови билан боғлиқ моддага ўзгариш киритилди. Мазкур ўзгаришга биноан, янги қоидалар бўйича ўтказиладиган сайловлар амалдаги давлат раҳбари учун ҳам биринчиси дея ҳисобланишини қайд этилди. Шундай қилиб, 2006 йилда ўтказилган сайловларда ғолиб чиққан Эмомали Раҳмон аслида учинчи маротаба Президентликка сайланаётган бўлса-да, аммо қонунчиликка кўра биринчиси сифатида қайд этилганди.

Эмомали Раҳмон илк маротаба 1994 йил 16 ноябрь кунидан Президентлик лавозимига киришган эди. 1999 йил 26 сентябрь куни ўтказилган умумхалқ референдумида Президентлик муддати 4 йилдан 7 йилга узайтирилди. Ўша йилнинг 6 ноябрь куни бўлиб ўтган сайловларда Эмомали Раҳмон халқ томонидан иккинчи марта давлат раҳбари сифатида эътироф этилган эди.
Демак, кеча бўлиб ўтган сайловларда Эмомали Раҳмон Тожикистон Президенти сифатида тўртинчи марта сайланишга муваффақ бўлди. Мазкур муаффақият билан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Эмомали Раҳмонни чин қалбдан қутлади. Бу ҳақида Kun.Uz нашри хабар бермоқда.

Тожикистон раҳбарининг расмий сайтида жойлаштирилган табрик телеграммасида шундай дейилади:

“Ҳурматли Эмомали Шарипович,
Тожикистон Республикаси Президенти этиб сайланганингиз муносабати билан самимий қутловларимни қабул қилинг.
Ишончим комилки, Сизнинг бундай юксак давлат лавозимидаги фаолиятингиз тарихий яқинлик, яқин қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олишга асосланган Ўзбекистон ва Тожикистон алоқаларининг янада ривожланиши ва мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Фурсатдан фойдаланиб, Сизга, ҳурматли Эмомали Шарипович, масъулиятли фаолиятингизда мустаҳкам соғлиқ ва муваффақият, дўст Тожикистон халқига эса тинчлик ва фаровонлик тилайман”.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (19)
  • Йўқ (2)
  • Бироз (1)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига