Yangi hujjatlar

ГИЁҲВАНДЛИК

ГИЁҲВАНДЛИК – эйфорик, тинчлантирувчи, оғриқ қолдирувчи, ухлатадиган, банги қилувчи ёки қўзғатувчи табиий ва синтетик моддаларга патологик мойил бўлиш. Г. воситани оз–оздан истеъмол қилганда ҳақиқий ҳолатга мос келмайдиган ўзидан–ўзи хурсанд бўлавериш, кўпроқ истеъмол қилганда сулайтириб ҳушини йўқотишгача, гиёҳванлик уйқуси даражасигача олиб келувчи, муттасил равишда истеъмол қилганда доимий дозасини ошириб боришни талаб қиладиган касалликдир. Г. – гиёҳванд воситаларини нотиббий равишда истеъмол қилиш натижасида юзага келадиган касаллик. Г. турлари асосан қуйидагилар: опий Г.лиги – опиатлар суиистеъмоли натижасида келиб чиқади (морфин, кодеин, тебаин, героин); наша истеъмол қилувчи бангилик (нашавандлик); эфедрон гиёҳвандлиги; кокаиномания – кокаин истеъмол қилувчи бангилик. Уларнинг ҳар бири ўзига хос хусусиятига эга, аммо ҳамма турларининг умумий белгилари препаратга тез ўрганиш, жисмоний ва руҳий мойиллик ҳамда абстинент ҳолати ривожланишидан иборат. Кўп Г.ларда наркотик препаратни биринчи истеъмолидан бошлаб 2–3 ҳафтада мойиллик пайдо бўлади, аммо ҳозир шундай синтетик наркотиклар борки, улар 2 инъекция олганидан сўнг мойилликка олиб келади. Ҳамма наркотиклар наркоманнинг руҳий ҳолатини ўзгартириб юборади. Беморларда кайфиятининг паришонлиги, қўзғалиш, ўзининг хулқ–атворига танқиди пасайиши: сабабсиз кулги, сергаплик намоён бўлади. Вақт ва атроф–муҳитни, мувозанатни қабул қилиши бузилади. Бир хил наркотиклар карахтлик, кўриш галлюцинацияларини, баъзан товуш галлюцинациялари ва васваса ғояларини, агрессияга мойилликни чақиради. Бу агрессив ҳолати наркоманни ижтимоий хавфли қилиб қўяди. Баъзи Г.ларда 3–7 кун давом этувчи ўткир психозлар ривожланади. Баъзи ҳолларда эса, аксинча, апатия, атрофга бепарволик аломатлари пайдо бўлади. Ҳамма наркоманлар учун оғир кечадиган абстинент ҳолати бир хилда бўлади. Бу ҳолат наркотикни истеъмол қилишни тўхтатгандан сўнг бир неча соат, баъзида 1–2 кундан кейин юзага келади. Абстинент ҳолатида ҳавотирланиш, безовталаниш, бутун баданда кучли, кескин оғриқлар сезиш, уйқусизлик, кўнгил айнаш, қайт қилиш, қон босимининг кўтарилиши, томир тортишлар, иштаҳа йўқлиги, айнаш каби белгилар намоён бўлади. Булар 8–10 кун давом этиб, сўнг сусая бошлайди. Ҳамма наркоманларда ички аъзолари хасталиклари ривожланади. Беморлар ёшига нисбатан катта кўринадилар, терилари қариган, ажинли, сарғимтир ёки кулранг тусга киради. Сочлари ва тишлари тўкилади, томирга олган инъекцияларидан кўпгина чандиқлар қолади. Беморлар ҳолдан тоядилар. Наркотикларни узоқ вақт истеъмол қилганда шахс борган сари инқирозга учрайди, наркоманлар тубан, атрофдагиларга бефарқ ҳамда яқинларига бефарқ бўлиб қоладилар, ақл-идроки пасаяди. Наркоманлар жисмоний ва руҳий ҳолдан толадилар, уларнинг эмоциялари қўполлашади, маънавий-тик аломатларини ва одатларини йўқотадилар, тез-тез антиижтимоий ҳаракатлар содир этадилар. Наркоманлар асосан ҳаётдан ёш кетадилар – наркотик м.ни дозасини юқори қилиб юборганидан, абстинент ҳолатида эса – юрак-қон-томир етишмовчилигидан ўладилар. Улар ВИЧ (одамнинг иммунодефицит вируси) – инфекциянинг ташувчилари ва асосий тарқатувчилари бўлиб қоладилар ва ОИТС дан ўлганларнинг кўпчилигини ташкил қиладилар. Г.в. инсон организмини, марказий нерв системасини, кайфиятини ва ҳаракатини, юриш-туришини ҳамда хатти-ҳаракатини ўзгартиради. Г.в.ни истеъмол қилиш инсон ҳаёти ва унинг зурриёди, келажак ҳаёти, фарзандларига катта салбий таъсир қилади. ЖК 270–276-м.да мазкур ҳолат б-н боғлиқ жиноятларни содир этганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган. (муал. – Қ.Абдурасулова)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига