Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси муассислигида чоп этиладиган «Халқ сўзи» ижтимоий-сиёсий газетасининг расмий сайти хакерлар ҳужумига учради.
Ҳозирда www.xs.uz ҳамда www.narodnoeslovo.uz сайтларига кирсангиз, мазкур саҳифаларга хакерлар ҳужум қилганлиги ҳақидаги маълумотга кўзингиз тушади.
Унда қайси хакерлар гуруҳи ҳужум қилганлиги ҳақида маълумотлар мавжуд бўлиб, унга кўра “Ablaze Ever” томонидан содир этилганлиги маълум қилинган.
Эслатиб ўтаман, Ўзбекистондаги расмий сайтларга қилинадиган хакерлар ҳужуми кўплаб учраб туради. Бундай ҳужумлар орасида энг машҳур хакерлар гуруҳи “Clone-Security” бўлиб, улар бир қанча расмий сайтларни вақтинчалик “ишдан чиқаришган” эди. Хусусан, ЎзМТРК сайтига, Ўзбекистоннинг Озарбойжондаги элчихонаси сайтига, «Интерфутбол» газетасининг сайтига ҳамда Ўзбекистон футбол федерацияси расмий сайтига ҳужумлар уюштирилган эди.
Шунингдек, 17 ноябрь куни янгиликлар сайти бўлган Mezon.uz сайтига ҳам хакерлар ҳужум уюштириб, сайтнинг бош саҳифасига Озарбайжон ва Туркия байроқлари чизилган қўллар расмини жойлаштириб кетишгани ҳақида маълумот берилган эди.