Yangi hujjatlar

Ислом Каримов Олий Мажлиснинг Вазирлар Маҳкамаси фаолияти устидан назоратини кучайтириш бўйича Конституцияга ўзгартиш киритишни таклиф қилди

2013 йил 6 декабрь куни пойтахтимиздаги «Ўзбекистон» Халқаро анжуманлар саройида Ўзбекистон Конституциясининг 21 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов маъруза қилди.

Мазкур маърузада давлатимиз раҳбари Олий Мажлис фаолияти ҳақида ҳам бир қатор танқидий, таҳлилий фикрларни баён қилиб ўтдилар. Хусусан, “ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий тараққиётнинг аниқ устувор йўналишларини белгилаб олишда сиёсий партияларнинг ролини кескин кучайтириш, мамлакатимизни ислоҳ этиш ва модернизация қилиш бўйича стратегик вазифаларни ҳал этишда уларнинг иштирокини кенгайтириш демократик ислоҳотларни изчил амалга оширишнинг энг муҳим омилига айланмоғи зарур”, – дея таъкидлади Президент Ислом Каримов.

Шунингдек, Олий Мажлис депутатлари ҳақида гапира туриб, “депутатлар энг аввало халқнинг дарди билан яшаши, уларнинг муаммосига ечим топиш йўлида тинимсиз ҳаракат қилиши, керак бўлса, тунлари ухламасдан чиқиши” лозимлигини алоҳида қайд этиб ўтди.

“Ривожланган демократияга эга бўлган давлатларнинг тажрибаси, шу билан бирга, Ўзбекистоннинг сиёсий ва конституцион ривожланишининг мантиқий йўли халқимиз, жамоатчилигимизнинг намояндалари бўлмиш вакиллик, депутатлик органларининг жамиятимиз ҳаётидаги роли ва аҳамиятини янада оширишни, содда қилиб айтганда, бу йўлда бошлаган ишларимизни изчил давом эттиришни талаб этмоқда”, – деди Ўзбекистон Президенти.

“Айни шу борада Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг юқори палатаси – Сенат ҳамда қуйи – Қонунчилик палатасининг ролини янада кенгайтириш, фақатгина қабул қилинган қонунларнинг ижросини текшириш билан чегараланмасдан, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда ижро органлари фаолияти устидан назоратини кучайтириш, ички ва ташқи сиёсатни амалга оширишда, энг муҳим стратегик масалалар бўйича қарорлар қабул қилишда ҳуқуқ ва ваколатларини ошириш учун Конституциямизга тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш мақсадга мувофиқ бўлади”, – дея алоҳида қайд этди Президентимиз. – Шулар қаторида Вазирлар Маҳкамаси ва жойлардаги ижро ҳокимиятларининг масъулиятини ошириш, Олий Мажлис ва маҳаллий кенгашларда уларнинг ҳисоботини мунтазам равишда эшитиш ва тегишли хулосалар чиқаришни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда”.

Эслатиб ўтаман, Конституциямизга бугунги кунгача Олий Мажлис билан боғлиқ 4 та ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган.

Хусусан, 1993 йил 28 декабрдаги ўзгартиришга биноан 77-моддадаги “депутат” сўзи, “депутатлар” сўзига алмаштирилган.

2003 йил 24 апрелда “Олий Мажлис”, “Президент”, “Вазирлар Маҳкамаси” ва “Сайлов тизими” бобларига ўзгартириш киритилган. Юртимизда 2 палатали Парламент тизими жорий этилган. Шунингдек, Президентнинг ваколат муддати тугаса, умрбод Сенат аъзоси лавозимини эгаллаши белгиланди. Илгари Конституциявий суд судьяси эди.

2008 йил 25 декабрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сони 120 дан 150 нафарга кўпайтирилди.

Ва ниҳоят, 2011 йил 18 апрелда Конституциямизнинг 5та моддасига (78, 80, 93, 96, 98-моддалар) ўзгартириш киритилди. Унда асосан Бош Вазир лавозимига тайинлаш тартиби ўзгартирилди. Унга кўра, эндиликда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия ёки тенг миқдордаги энг кўп депутатлик ўринларини қўлга киритган бир неча сиёсий партия томонидан таклиф этилади.

Шунингдек, 2011 йил 18 апрелдаги ўзгаришга биноан Президент оғир бетоб бўлиб қолса, вақтинча Президент ваколатлари Сенат Раисига юклатилиши белгиланди. Илгари ўн кун муддат ичида палаталарнинг қўшма фавқулодда йиғилишида депутатлар, сенаторлар орасидан сайланарди.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (3)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига