Yangi hujjatlar

Ўзбекистон ва Жанубий Корея Президентлари Самарқандга ташриф буюрди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ва Корея Республикаси Президенти Пак Кин Хэ 18 июнь куни Самарқанд шаҳрига ташриф буюрдилар. Бу ҳақида, ЎзА хабар берди.

Photo: UzA

Photo: UzA

Олий мартабали меҳмон қадим шаҳарнинг муаззам тарихий обидалари билан танишувни Мирзо Улуғбек расадхонасидан бошлади. Жаҳон цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома Мирзо Улуғбек бунёд этган мазкур иншоот аждодларимиз закоси, юртимиз илм-фанининг чуқур илдизларидан далолат беради. Пак Кин Хэга машҳур олим ва давлат арбоби ҳаёти ва илмий фаолияти ҳақида сўзлаб берилди.

– Расадхонага киришим билан Мирзо Улуғбекнинг қанчалар буюк даҳо ва улкан иқтидор эгаси бўлганини ҳис этдим, – деди Корея Республикаси Президенти.

Ўзбекистон ва Жанубий Корея раҳбарлари “Афросиёб” музейида бўлдилар. Ундаги экспонатлар халқимиз давлатчилик тарихидан, мамлакатимизда қадимдан ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ ривожлангани, халқаро алоқалар кенг йўлга қўйилганидан ҳикоя қилади. Деворий суратлардан бирида Афросиёб (қадимги Самарқанд) ҳукмдорининг турли мамлакатлар элчиларини қабул қилиш маросими акс этган. Улар орасида Чосон (Корея) элчисининг ҳам борлиги халқларимиз ўртасидаги муносабатлар илдизи бир неча асрларга бориб тақалишидан далолат беради.

“Афросиёб” музейи ҳудудида ташкил этилган “Буюк ипак йўлидан” деб номланган боғ мамлакатларимиз ўртасидаги яқин дўстликнинг яна бир намунасидир. Бу ерда жадал ривожланаётган Ўзбекистон ва Жанубий Корея дўстлиги ва ҳамкорлиги рамзи сифатида ёдгорлик ўрнатилган.

Корея Республикаси Президенти Регистон мажмуини диққат ва ҳаяжон билан томоша қилди. Президент Ислом Каримов раҳнамолигида буюк аждодларимиз бой меросини чуқур ўрганиш, тарихий обидаларни асраб-авайлаш борасида амалга оширилаётган бетимсол ишларга юксак баҳо берди.

Пак Кин Хэ Регистон мажмуида миллий ҳунармандлик буюмлари кўргазмасини кўздан кечирди, Самарқанд гиламларининг тўқилиш жараёни билан қизиқди.

Жанубий Корея раҳбари Амир Темур мақбарасини зиёрат қилиб, Соҳибқироннинг сўнмас хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Олий мартабали меҳмон қадим маданиятимиз ва миллий давлатчилигимиз тарихининг тимсоли, меъморлик санъатимизнинг юксак намунаси бўлган Самарқанд шаҳридаги бетакрор обидалар ўзида унутилмас таассурот қолдирганини алоҳида таъкидлади.

Корея Республикаси Президенти Пак Кин Хэнинг Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифи самарали бўлди. Ташриф асносида давлатлараро, вазирлик ва идоралар даражасида қатор манфаатли келишувларга эришилди. Имзоланган ҳужжатлар Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилиши қайд этилди.

Шу билан Корея Республикаси Президенти Пак Кин Хэнинг Ўзбекистон Республикасига илк давлат ташрифи якунига етди. Жанубий Корея раҳбари Ўзбекистонга ташрифи жуда самарали ва фойдали бўлганини таъкидлаб, самимий қабул учун Президент Ислом Каримовга чуқур миннатдорлик билдирди.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (0)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига