Yangi hujjatlar

Коллеж талабасини дарсга қатнашди деб сохта маълумот киритган Наманганлик ўқитувчига жиноят иши қўзғатилди

Наманган саноат касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси А.Раҳимов 2011 йил сентябрь ойидан буён дарс машғулотларига қатнашмаган коллеж талабаси Х.Ҳошимов ҳамда 2012 йилнинг февралида Россия Федерациясига кетган А.Лутфуллаевнинг дарсларга қатнашганлиги ва билимлари баҳоланганлиги ҳақида ўқув машғулотлари журналига сохта маълумотлар киритиб, уларни курсдан курсга кўчирган.
Ушбу ҳолат юзасидан А.Раҳимовга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, иш бўйича жазо муқаррарлиги таъминланди.

Бу ҳақида Наманган шаҳар прокурори Рустамжон Уматалиев ўзининг “Ҳуқуқ” газетасида чоп этилган мақоласида айтиб ўтган.

Шунингдек, мазкур мақолада Наманган шаҳар прокуратураси томонидан ўтказилган 14 та текшириш натижасига кўра, 147 та прокурорлик назорати ҳужжатлари қўлланилганлиги айтилади. Хусусан, судларга 4 та даъво аризаси, аниқланган қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан 22 та тақдимнома киритилиб, қонунга зид бўлган ҳужжатларга нисбатан 8 та протест келтирилди. 113 нафар шахс интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилди.

Ўтказилган текширишлар давомида ўрта мактабларнинг 273 нафар ўқувчиси дарс машғулотларига узрли сабабларсиз қатнашмаганлиги аниқланди. Шунингдек, шаҳар ҳудудидаги коллеж ва лицейларнинг 28 нафар ўқувчиси мажбурий таълим олиш ўрнига турли сабабларга кўра чет давлатларга кетиб қолганлигини қандай изоҳлаш мумкин?

Битирувчиларни иш билан таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳам талаб даражасида эмас. Шаҳар прокуратураси томонидан ўтказилган текширишда 9372 нафар битирувчидан 315 нафари билан ўз вақтида уч томонлама шартномалар тузилмаганлиги, 620 та ҳолатда эса шартномалар белгиланган тартибга зид тарзда тузилганлиги аниқланди. Ҳозирги кунда 9040 нафар битирувчидан 5827 нафари ёки 62,17 фоизининг ишга кирганлиги бу борадаги ишлар етарли ташкил этилмаганлигидан далолат беради, дейилади юқоридаги мақолада.

Манба: “Ҳуқуқ” газетаси.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (0)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига