Аввал хабар берганимдек, 2014 йил 16 апрель куни “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)”ги Қонун Президент томонидан имзоланди ҳамда 17 апрель куни матбуотда эълон қилиниб, кучга кирди.
Кеча Конституциянинг 32-моддасига ҳамда 78-моддасига киритилган ўзгартиришлар ҳақида хабар берган эдим. Энди навбат 93-моддага.
93-модда. Президент ваколатлари
Ушбу модданинг 5 та бандига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Олдинги таҳрир |
Янги таҳрир |
7) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига ҳар йили мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг, ички ва ташқи сиёсатининг энг муҳим масалалар юзасидан маърузалар тақдим этади; | 7) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига мамлакат ички ва ташқи сиёсатини амалга оширишнинг энг муҳим масалалари юзасидан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. (таҳрирланди) |
Хабарингиз бор, ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Президенти мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг, ички ва ташқи сиёсатининг энг муҳим масалалар юзасидан маърузалар тақдим этар эди. Ушбу ваколат эндиликда Бош Вазирга ўтказилди ҳамда бундан буён мазкур масала юзасидан маърузани айнан Бош Вазир тақдим этадиган бўлди.
Олдинги таҳрир |
Янги таҳрир |
8) республика олий ҳокимият ва бошқарув органларининг баҳамжиҳат ишлашини таъминлайди; вазирликлар, давлат қўмиталари ҳамда давлат бошқарувининг бошқа органларини тузади ва тугатади, шу масалаларга доир фармонларни кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари тасдиғига киритади; | 8) республика олий ҳокимият ва бошқарув органларининг баҳамжиҳат ишлашини таъминлайди; вазирликлар, давлат қўмиталари ҳамда давлат бошқарувининг бошқа органларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тақдимига биноан тузади ва тугатади, шу масалаларга доир фармонларни кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари тасдиғига киритади; (таҳрирланди) |
Илгари Президент вазирликлар, давлат қўмиталари ҳамда давлат бошқарувининг бошқа органларини ўз ташаббуси билан тузиши ёки тугатиши мумкин эди, ҳозирда мазкур ваколат Вазирлар Маҳкамасининг тақдимига биноан амалга оширилади.
Олдинги таҳрир |
Янги таҳрир |
10) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари кўриб чиқиши ва тасдиқлаши учун Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини тақдим этади ва лавозимидан озод қилади; | 10) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари кўриб чиқиши ва тасдиқлаши учун Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини тақдим этади ҳамда уни истеъфога чиққанда, Бош вазирга нисбатан билдирилган ишончсизлик вотуми Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари томонидан қабул қилинганда ёхуд қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда лавозимидан озод қилади; (таҳрирланди) |
Аввал Бош вазир Президент томонидан лавозимидан озод қилиниши мумкин эди. Бу ерда Бош вазирнинг қандай сабабга кўра лавозимидан озод қилиниши мумкинлигига аниқлик киритилмаган эди. 2007 йил 11 апрелдаги Қонунга биноан “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисидаги” Қонунга қўшимча киритилиб, “4-1-модда. Бош вазирни лавозимидан озод этиш” моддаси киритилган ҳамда Бош вазир қайси ҳолларда лавозимидан озод этилишига аниқлик киритилганди.
Конституцияга киритилган мазкур ўзгартириш ҳам айнан ўша қоидаларни конституциявий мустаҳкамлаш мақсадида киритилди.
Демак, ҳозирги қонунчилик бўйича Бош вазир Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қуйидаги ҳолларда лавозимидан озод этилади:
а) Бош вазирнинг истеъфога чиқиш тўғрисидаги аризасига биноан;
б) Бош вазир ўз ваколатларини бажариши мумкин бўлмай қолган тақдирда;
в) Вазирлар Маҳкамаси таркибида унинг нормал фаолиятига таҳдид солувчи ҳал қилиб бўлмайдиган ихтилофлар юз берганда, шунингдек Вазирлар Маҳкамаси бир неча марта Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига зид қарорлар қабул қилган тақдирда;
г) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг Ўзбекистон Республикаси Президенти кўриб чиқиши учун тақдим этган ташаббусига биноан. Агар зарур асосларга эга бўлган бундай ташаббусни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар етакчи фракциялари қўллаб-қувватласа ҳамда мазкур ташаббус Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенатида овозга қўйилганда тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сони учдан икки қисмидан кўпроғининг овозини олса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Бош вазирни лавозимидан озод этиш тўғрисида қарор қабул қилади;
д) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан қабул қилинган Бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотуми билдирилган тақдирда.
Олдинги таҳрир |
Янги таҳрир |
16) республика давлат бошқарув органларининг, шунингдек ҳокимларнинг қабул қилган ҳужжатларини тўхтатади, бекор қилади, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мажлисларида раислик қилишга ҳақли; | 16) республика давлат бошқаруви органларининг ва ҳокимларнинг қабул қилган ҳужжатларини улар қонун ҳужжатлари нормаларига номувофиқ бўлган ҳолларда тўхтатади, бекор қилади; Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мажлисларида раислик қилишга ҳақли. (таҳрирланди) |
Илгари Президент республика давлат бошқаруви органларининг ва ҳокимларнинг қабул қилган ҳужжатларини тўхтатиш ёки бекор қилиш бўйича мутлоқ ваколатга эга эди. Эндиликда фақатгина қонун ҳужжатлари нормаларига номувофиқ бўлган ҳужжатларнигина тўхтатади, бекор қила олади.
Олдинги таҳрир |
Янги таҳрир |
24) Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизматини тузади. Миллий хавфсизлик хизмати раисини тайинлайди ва лавозимидан озод этади, кейинчалик шу масалаларга доир фармонларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тасдиғига киритади; | 24) Миллий хавфсизлик хизмати раисини тайинлайди ва лавозимидан озод этади, кейинчалик шу масалаларга доир фармонларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тасдиғига киритади; (биринчи гап чиқариб ташланди) |
Мазкур модданинг 24-бандидаги «Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизматини тузади» деган сўзлар чиқариб ташланди. Гап шундаки, Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1991 йил 25 августдаги ва 26 сентябрдаги фармонлари асосида ташкил этилган.
Шунингдек, 1991 йил 2 ноябрь куни “Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан Ўзбекистон ССР иттифоқ-республика Давлат хавфсизлиги қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизматига (республика қўмитаси ҳуқуқида) айлантирилган.
Шу сабабли ҳам, ҳозирда “Миллий хавфсизлик хизматини тузиш” деган қоидага эҳтиёж йўқ ва мазкур қоида Конституциядан чиқариб ташланди.
Аниқлик киритиш мақсадида айтиб ўтишим мумкинки, ҳозирги қонунчилик бўйича бирон бир мансабдор шахс ёки давлат органида Миллий хавфсизлик хизматини тузиш ваколати мавжуд эмас.
Бироқ Миллий хавфсизлик хизмати раисини тайинлаш ва лавозимидан озод этиш ваколати Президентда сақланиб қолган. Кейинчалик Президент шу масалаларга доир фармонларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тасдиғига киритиши лозим.