Yangi hujjatlar

2015/2016 ўқув йили учун қабул квоталари тасдиқланди

2015 йил 23 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти “2015/2016 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига қабул тўғрисида”ги қарорга имзо чекди.

Президент қарорида таъкидланишича, акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини ҳисобга олиб ишлаб чиқилган хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касбларининг янгиланган классификатори тасдиқланганлиги муносабати билан бакалавр тайёрлашнинг 7 та янги йўналишлари жорий этилган.

Шунингдек, қарорда олий таълим муассасаларига талабаларни қабул қилиш квотаси белгилаб берилган бўлиб, унга кўра 2015/2016 ўқув йилида бакалавр таълим йўналишига 57 907 нафар талаба қабул қилинади. Шуларнинг 19 120 нафари давлат грантида ва 38 787 нафари тўлов-контракт бўйича таҳсил олади. Агар ўтган йилги квоталар билан таққосласак, жорий йилги квоталар сонида ўзгариш бўлмаган.

Жорий йилда олий таълим муассасаларига 5 000 нафар магистр, шундан 1 548 нафари давлат гранти, 3 452 нафари эса тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиниши белгиланган. Магистратура квоталарида ҳам ўтган йилгига қараганда ўзгариш кузатилмаган.

Тошкент кимё-технология институти (Қўнғирот бўлими)нинг махсус сиртқи бўлимига давлат гранти бўйича 65 нафар ва Тошкент ахборот технологиялари университетининг махсус сиртқи бўлимига тўлов-контракт асосида 50 нафар талаба қабул қилинади (ўтган йили 15та давлат гранти, 35та шартнома асосида эди).

Қайси ОТМлар нечта талаба қабул қилиши ҳақида сайтимиз орқали тез орада батафсил маълумот беришга ҳаракат қиламиз.

Айтиб ўтиш жоизки, ўтган йили ҳужжат топширган абитуриентлар сони бўйича рекорд натижа қайд этилган эди. Яъни 540 минг нафардан кўпроқ абитуриент талабалик бахтига мушарраф бўлиш учун ўз омадини синаб кўришга аҳд қилган эди. Бу бир ўрин учун ўртача 9,4 киши даъвогарлик қилган деганидир.

Эслатиб ўтаман, жорий йилдаги қабул жараёнларига бағишлаб, Daryo.uz интернет-нашри ва Xushnudbek.uz сайтлари ҳамкорликда махсус «Абитуриент-2015» лойиҳасини ташкил этди. Бунда қабул комиссияси фаолияти билан боғлиқ янгиликлар, маълумотлар, бўлажак талабаларга маслаҳат ва тушунтиришлар бериб борилади.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (116)
  • Йўқ (21)
  • Бироз (9)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига