Yangi hujjatlar

“Меҳнат ҳуқуқи билимдони” танловининг саралаш босқичи якунланди

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчиларининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ёшлар орасида меҳнат соҳасидаги халқаро ва миллий стандартларни кенг тарғиб этиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсати, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази ва Тошкент давлат юридик университети ташкилотчилигида 2015 йилнинг апрель-май ойларида Тошкент шаҳридаги ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўртасида “Меҳнат ҳуқуқи билимдони” танлови ўтказилмоқда. Бу ҳақида, kasaba.uz сайти хабар берди.

Танловнинг дастлабки саралаш босқичида Тошкент шаҳридаги 50 дан ортиқ ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларининг 211 нафар ўқувчиси ўз ижодий ишлари билан қатнашди. Саралаш босқичига Ўзбекистон Республикасида меҳнат қилиш ҳуқуқи, ёшларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқи кафолатлари, касаба уюшмалари фаолиятининг кафолатлари ва уларга аъзолик афзалликлари, “Кексаларни эъзозлаш йили”да ижтимоий ҳимоя ва ижтимоий-меҳнат ҳуқуқларига оид бошқа мавзуларда ёзилган ижодий ишлар келиб тушди.

Малакали ва нуфузли мутахассислардан ташкил топган ҳакамлар ҳайъати ижодий ишларда танланган мавзунинг долзарблиги, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида акс этиши, халқаро ва хорижий давлатлар тажрибасидан фойдаланилганлиги, қиёсий ва мантиқий фикрлаш акс этганлигига қараб баҳолашди. Танловнинг саралаш босқичи якунларига кўра қуйидаги 16 нафар ўқувчи финал босқичига йўлланмани қўлга киритди:

  1. Ҳафиза Абдумаликова – ЎзМУ қошидаги С.Ҳ.Сирожиддинов номли академик лицей ўқувчиси
  2. Муштарийбегим Ходжаева – Тошкент ислом университети қошидаги академик лицей ўқувчиси
  3. Равшан Абдуқодиров – Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети қошидаги академик лицей ўқувчиси
  4. Дилшода Мелибаева – Тошкент ахборот технологиялари университети қошидаги 2-сонли академик лицей ўқувчиси
  5. Бекзод Фатхуллаев – Тошкент юридик коллежи ўқувчиси
  6. Анваржон Юлдашев – Тошкент юридик коллежи ўқувчиси
  7. Нажмиддин Насриддинов – 2-Тошкент юридик коллежи ўқувчиси
  8. Мафтуна Абдумўминова – 2-Тошкент юридик коллежи ўқувчиси
  9. Лобар Абдуқодирова – 2-Тошкент юридик коллежи ўқувчиси
  10. Шоиста Зокирова– Яккасарой маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқувчиси
  11. Моҳинур Мирвалиева– Тошкент иқтисодиёт коллежи ўқувчиси
  12. Хожибек Хожиқулов – Сергели политехника касб-ҳунар коллежи ўқувчиси
  13. Заҳро Жалолова – Тошкент ихтисослаштирилган Хотин-қизлар касб-ҳунар коллежи ўқувчиси
  14. Миржалол Искандаров– Чилонзор тиббиёт коллежи ўқувчиси
  15. Озод Солиев– Тошкент автомобил ва йўллар касб-ҳунар коллежи ўқувчиси
  16. Мафтуна Кулматова – Тошкент педагогика коллежи ўқувчиси

Финал босқичи 2015 йилнинг 14 май куни 2-Тошкент юридик коллежи биносида ўтказилади. Финал босқичи тест ва оғзаки савол-жавоб шаклида ўтказилиб, энг яхши натижа кўрсатган 3 нафар ўқувчи ғолиб деб топилади ҳамда I, II, III даражали диплом, замонавий планшет билан, финал босқичи иштирокчилари эса махсус диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланади.

Шунингдек, танлов ғолиблари орасидан сараланган қобилиятли ўқувчилар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Юридик клиникасига иш ўрганиш учун қабул қилинади.

Финал босқичи доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 10 мартдаги 52-сонли қарори ижроси доирасида ўрта махсус таълим муассасаси битирувчи ёшлари учун меҳнат соҳасидаги халқаро стандартлар ва миллий қонунчилик, ёшлар меҳнатини тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари бўйича ўқув семинари ўтказилиши ҳам режалаштирилган.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (1)
  • Йўқ (1)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига