Yangi hujjatlar

Олмалиқ шаҳрида «Ulug’ yo’l» газетаси томонидан ҳуқуқий мавзуда семинар-тренинг ташкил этилди

2017 йил 17 январь куни Олмалиқда «Ulug’ yo’l» газетаси таҳририяти ташаббуси билан “Қомусим ‒ бахтим менинг” грант лойиҳаси доирасида семинар-тренинг ташкил этилди. Олмалиқ шаҳар 18-мактабда ўтказилган тадбирда мактаб директорларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, маҳалла фаоллари ва ўқувчилар иштирок этди.

 “Бола ҳуқуқлари тўғрисида” Конвенция

 ‒ Азиз болажонлар, қани ким айтади, сиз ўз ҳуқуқларингизни қанчалик биласиз? Озод ва обод юртимизнинг мана шундай замонавий билим масканларида ўқиётган сиз ва тенгдошларингиз амалда қандай ҳуқуқлардан фойдаланмоқда?

Устозлар ва ўқувчилар тўла залга бир зум жимлик чўкди. Аммо кўп фурсат ўтмай бирин-кетин қўллар кўтарилди.

‒ Қани, эшитамиз..

‒ Бепул таълим олиш ҳуқуқига эгамиз…

‒ Касал бўлиб қолсак шифохонада даволашади…

‒ Хоҳлаган лицей ё коллежга кириб ўқишимиз, ўзимиз ёқтирган касб-ҳунарларни эгаллашимиз мумкин…

‒ Жуда тўғри, ‒ деди ўз машғулотида ўқувчиларнинг билимини ўзига хос тарзда синаб кўраётган Олмалиқ шаҳар ФҲДЁ бўлими мудираси, III даражали адлия маслаҳатчиси Дилноза Алимова. ‒ Биласизми, болалар, афсуски, ҳамма мамлакатларда ҳам  болаларнинг бундай имкониятлари йўқ. Дунё миқёсида уларга нисбатан зўравонлик, шафқатсиз муомалада бўлиш ҳолатлари ҳамон кузатилмоқда, болаларнинг оғир меҳнатга жалб этилаётгани, таълим олиш ҳуқуқининг чеклангани, болалар савдоси каби муаммолар ҳамон долзарблигича қолмоқда. Шу боисдан ҳам халқаро ҳамжамият халқаро ҳуқуқий нормалар орқали дунё давлатларини бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишга чорлаб келмоқда. БМТ Бош ассамблеяси томонидан 1989 йил 20 ноябрда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги халқаро ҳуқуқий ҳужжат ‒ «Бола ҳуқуқлари тўғрисида»ги Конвенция қабул қилингани бу борадаги муҳим қадам бўлди.

Бола ҳуқуқлари ҳақидаги универсал расмий кодекс ҳисобланган ушбу конвенция ҳақида эшитганмисиз? Келинглар, аввало ана шу ҳақда суҳбатлашамиз.

Конвенциянинг барча моддалари бола ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиришга, яъни яшаш, ривожланиш, жамият ҳаётида фаол иштирокини ҳимоя қилиш ва таъминлашга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир. Мазкур конвенция респуб-ликамиз қўшилган илк халқаро ҳуқуқий ҳужжатлардан бири ҳисобланади. Бинобарин мамлакатимиз болалар манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир барча асосий халқаро ҳужжатларга қўшилган.

Дилноза Алимова ана шулар хусусида атрофлича сўз юритар экан, мустақил мамлакатимизда бола туғилган кунидан бошлаб ўз ҳуқуқига эга бўлишини алоҳида таъкидлаб ўтди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг IХ сессиясида сўзлаган нутқида: «Ота-онанинг фарзанд олдидаги бурчи унга яхши ном қўйиш, яхши муаллим қўлига топшириб, саводини чиқариш, илмли, касб-ҳунарли қилиш, бошини икки, уйли-жойли қилишдир», – деган эди. Бундай ҳуқуқларни ҳимоя қилиш қонунлаштириб қўйилди. Бош Қомусимизнинг 64-моддасида: «Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурлар…», 65-моддада эса «Фарзандлар ота-оналарининг насл-насабидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар», деб кафолатланган.

Ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари масаласи Конституциямизнинг бир қатор моддаларида ўз ифодасини топган. Энг муҳими, унинг муқаддимасидаёқ бу борада ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъуллик ҳақида сўз боради.

Мамлакатимизда ёш авлодга бўлган бундай беқиёс ғамҳўрликни ҳис қилиш бахтли болаликдан далолат беради, Она Ватанимизга меҳр-муҳаббатимиз янада жўш уради, шундай эмасми?

‒ Шундай, шундай!…

ФҲДЁ бўлими ҳақида нималарни биласиз?

Ушбу савол янграши билан ўқувчилар бирин-кетин жавоб беришга шошилдилар:

‒ Турмуш қураётган ёшларнинг никоҳини қайд этади…

‒ Чақалоқ туғилса гувоҳнома беради…

‒ Кимдир исм-фамилиясини ўзгартирмоқчи бўлса шу идорага мурожаат қилади…

‒ Тўғри, ‒ ҳозиржавоб ўқувчилардан мамнун бўлиб деди маърузачи ва жавоб-ларни тўлдириш мақсадида  ушбу масхсус давлат органи ҳақида атрофлича маълумот бера бошлади.

Ижтимоий муносабатлар шароитида бир шахс ҳуқуқларини иккинчи шахс ҳуқуқларидан фарқлаш, инсоннинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқ ифодалаш давлат ва жамият бошқарувида муҳим омил саналади, таъкидлади Д.Алимова. Бунда шахснинг туғилиши, ўлими, шунингдек, муайян ёшга етганда никоҳини тузиш ёки никоҳдан ажралиш каби фактларни тегишли тарзда расмийлаштириш тақазо этилади. Фуқароллик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими мазкур фактларни қайд этиш ва уларнинг ҳисобини юрититувчи махсус давлат органи ҳисобланади. Шунингдек, фарзандликка олиш, оталикни белгилаш, фамилия, исм, ота исмини, жинсни ўзгартириш каби воқеа ва фактлар фуқаролик ҳолатлари далолатномаларда уларга тегишли ўзгартиришлар киритиш ҳам ана шу идора орқали амалга оширилади.

Семинар-тренингда Дилноза Алимова мавзу юзасидан иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарди.

Сиз ёшларга ҳавасимиз келади…”

Навоий давлат кончилик институти Олмалиқ кон-металлургия факультети профессори Турсунали Мирзақулов тадбирдаги ўз сўзини ана шу таъкид билан бошлади. Мамлакатимизда ёш авлоднинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, келажак ҳаётда муносиб ўрин эгаллаш учун барча шароит яратиб берилаётир. Буларнинг барчаси баркамол авлод тарбияси йўлидаги улуғ ва эзгу ишлар сирасига киради, деди у ва ўқувчи ёшларни мавжуд имкониятлардан тўғри фойдаланишга даъват этди. Фурсатдан фойдаланиб,  ўзи фаолият кўрсатаётган институтнинг Олмалиқдаги факультети фаолияти хусусида сўзлаб берди.

Ушбу факультет 2001 йилда  саксон нафар талабани ўқитиш билан қайта иш бошлаган эди. Ҳозирги кунда бу ерда олти йўналиш бўйича 950 нафардан зиёдроқ нафар талаба таҳсил олмоқда. Келгусида ушбу олий таълим даргоҳи фаолиятини кенгайтириш режалаштирилаётгани ҳам сиз ўқувчи ёшлар учун катта имконият ҳисобланади, деди профессор.

Ўқувчи ёшлар орасида тўқликка шўхлик қилиб, олтинга тенг дамларини беҳуда ўтказиб юбораётганлар йўқ эмас. Бугунги кунда билим олиш, китоб ўқиш ўрнига уяли алоқа воситалари ва интернетга боғланиб қолиш, виртуал дунё оламига шўнғиб кетиб, атрофидагиларни унутиб қўйиш ҳолатлари кузатилмоқдаки, бу аянчли оқибатларга олиб келишини унутмаслик керак. Биз тўкис ва фаровон ҳаёт кечириш билан бирга, Бош Қомусимизнинг 48-моддасида белгиб қўйилганидек, Конституция ва қонунларга риоя этишимиз, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишимиз лозим. Ёки 49-моддага кўра, халқимизнинг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб асрашишимиз, 50-моддага кўра, атроф муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишимиз зарур.

Турсунали Мирзақуловнинг ёшларнинг жамоат жойида ўзини тутиши, катталар билан муомаласи, бўш вақтлардан қандай фойдаланиши лозимлиги хусусидаги ибратли фикр-мулоҳазалари барчанинг диққатини тортди. Айниқса, у китобхонлик масаласига алоҳида урғу берди. Бугун китоб ўқийман деган одам учун кутубхоналар кўп, китоблар етарли. Олмалиқда техника фанлари доктори,  профессор Абдурашид Ҳасанов салкам қирқ йиллик қайноқ илмий фаолияти давомида йиққан минглаб китобларим бекор чанг босиб ётмасин, дея маҳалла аҳли учун кутубхона очди. Шахсан ўзим ҳам 5-6 минг китобдан иборат шахсий кутубхонамдан одамлар эмин-эркин фойдаланса дейман…

Семинар-тренингда Олмалиқ шаҳар халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими  маънавий-аҳлоқий тарбия шўъбаси раҳбари Тўрақул Ҳайдарқулов, меҳнат фахрийси Турсунали Юсупов, шаҳардаги “Бўстон” маҳалласи фаоли Пардавой Рисқулов, 21-мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Маҳфират Нурматова ва бошқалар сўзга чиқиб, мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди Грант олиш учун ҳар йили  қатор танловлар эълон қилиб келади. “Ulug’ yo’l” газетаси ижодий ходимлари томонидан тақдим этилган “Қомусим ‒ бахтим менинг”  лойиҳаси Жамоат  фондининг 2016 йилги қўшимча 7-танловида ғолиб иштирок этди ва янги йил арафасида Парламент комиссиясининг қарорига кўра лойиҳа  ғолиб деб топилди.

Семинар-тренингни бошқариб борган  лойиҳа раҳбари Неъмат Душаев иштирокчиларга ана шу ҳақда маълумот берди.

‒ Таҳририятимиз грант лойиҳаси доирасида халқ таълими бўлими ва бошқармалари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ижтимоий шерик-ликда  йил давомида Асосий Қонуннинг мазмун ва моҳиятини тушунтириб беришга қаратилган маърифий-тарғибот ишларини ташкил этади. Лойиҳа календарь режасига кўра  Ангрен ва Олмалиқ шаҳарлари ҳамда Оҳангарон туманида қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда семинар-тренинглар  ўтказади. Газета саҳифаларида ушбу тадбирлар тафсилоти ва Ўзбекистон Республикаси Конституциясига бағишланган туркум мақолалар чоп этиб борилади, ‒ деди лойиҳа раҳбари.

Лойиҳада режалаштирилган тадбирларнинг дастлабкиси бугун Олмалиқ шаҳрида ўтказиляпти. Навбатдаги тадбиримиз февраль ойида Ангрен шаҳрида нотариал идоралари ва шаҳар ХТМФМТ ва ТЭ бўлими билан ҳамкорликда “Бола ҳуқуқлари ҳимояси” мавзусида семинар-тренинг шаклида ташкил этилади.

Тадбирда фикр-мулоҳазалари, так-лифлари билан фаол иштирок этган ўқувчилар “Ангрен зиё” масъулияти чек-ланган жамият томонидан китоблар билан тақдирланди.

Семинар-тренингга мезбонлик қилган 18-мактаб директори Нортожи Топилова  тадбирни якунлаб берар экан, икки ярим соат давомидаги бевосита жонли мулоқот барча учун жуда фойдали кечганини алоҳида таъкидлади ва ташкилотчиларга ўз ташаккурини билдирди.

Матн: Моҳира Қодирова, лойиҳа тренери

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (0)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига