***
Миржалол Қосимов ўзбек футболи тарихига Осиё Кубокларида иккита ўйинга бир хил таркиб туширган биринчи мураббий сифатида кирганлиги ҳақида хабар берган эдим. Бош мураббийимиз гуруҳ босқичининг 3-турида таркибда 5 та ўзгариш қилди. Бундан ташқари асосий таркибнинг ёши ҳам ўзгарди. Ўтган ўйинларда ўртача ёш 29,5 ни ташкил қилган бўлса, 3-турда ўртача 28,1 ёшли таркиб майдонга тушди.
***
Сардор Рашидов Осиё Кубокларидаги терма жамоамизнинг ҳисоб бўйича тўртинчи дублини қайд этди.
Осиё Кубокларидаги илк дубль 2007 йилда қайд этилган. Ўшанда Малайзияга қарши тўп сурган терма жамоамиз сафида Максим Шацких дубль қайд этган эди. Ўша ўйинда бизникилар 5-0 ҳисобида ғалаба қозонишган. 2011 йилги турнирда эса иккита ўйинда дубль қайд этилганини яхши эсласангиз керак. Бири чорак финалда Иордания дарвозасига Улуғбек Бақоев иккита тўп киритиб, бизни ярим финалга олиб чиққан бўлса, иккинчиси 3-ўрин учун Жанубий Корея билан бўлган баҳсда Александр Гейнрих дубль қайд этиб, бизни йирик мағлубиятдан қутқариб қолган эди.
Бугунги кунгача Осиё Кубокларида ҳамюртларимиз хет-трик қайд этишмаган.
***
Осиё Кубокларида 5 та ҳолатда заҳирадан майдонга тушган футболчимиз гол урган. Булар қуйидагилар:
1) 2004 йил. Миржалол Қосимов. Туркманистонга қарши. Ҳисоб: 1-0;
2) 2007 йил. Азиз Ибрагимов. Малайзияга қарши. Ҳисоб: 5-0;
3) 2007 йил. Александр Гейнрих. Хитойга қарши. Ҳисоб: 3-0;
4) 2007 йил. Павел Соломин. Саудия Арабистонига қарши. Ҳисоб: 1-2;
5) 2015 йил. Воҳид Шодиев. Саудия Арабистонига қарши. Ҳисоб: 3-1.
Кўриб турганингиздек, мураббийлар орасида Рауф Инилеев муваффақиятли ўйинчи алмаштириш бўйича яққол етакчи.
***
Заҳирадан майдонга тушиб, энг тез гол урган футболчи, бу – Павел Соломин. У майдонга тушгач, 4 дақиқа ўтибоқ Саудия Арабистони дарвозасини ишғол қила олган.
Энг қизиғи сўнги баҳсда Воҳид Шодиев ҳам худди шу ишни бажарди. Фақат у бу сафар 5 дақиқада Саудия Арабистони дарвозасини забт этди.
Саудияликлар ўйинчи алмаштирсак, тиззалари қалтирайдиган бўлиб қолишди, чамамда.
***
Осиё Кубокларида бизнинг дарвозамизга иккинчи бор пенальтидан тўп киритилди. Бунгача 2011 йилги турнирда Қувайт терма жамоаси ҳам дарвозамизга пенальти орқали йўл топа олган эди.
Ўйлаб қарасам, дарвозамизга пенальти берилса, рақиблар уролмагандан кўра, ургани яхши, менимча. Сабаби, пенальтидан тўп ўтказилган иккала ўйинда ҳам Ўзбекистон терма жамоаси ғалаба қозона олган. Қувайтни ҳам, Саудия Арабистонини ҳам. Лекин пенальти голга айланмаган ўйинда акси бўлган. 2000 йилги мусобақада Япония терма жамоаси билан бўлган баҳсда 5-дақиқада дарвозамиз томон пенальти белгиланган, аммо Акинори Нишизава бундан унумли фойдалана олмаган. Кейин нима бўлганини яхши биласиз, 8 та еганмиз.
***
2015 йилги Осиё Кубогининг гуруҳ босқичида биронта ҳам дуранг қайд этилмади.
***
2015 йилги Осиё Кубогининг гуруҳ босқичи бир хил сценарийда ўтди. Яъни барча гуруҳларда 1-ўринни олган жамоа 9 очко, 2-ўринни олган жамоа 6 очко, 3-ўрин 3 очко ва ниҳоят сўнги ўринни олган жамоа биронта очко тўплай олмади.
***
Ҳозирча 3 та жамоа ўз дарвозасидан тўп олиб чиқмади: Жанубий Корея, Эрон, Япония.