Yangi hujjatlar

Президент Фармонига асосан Бош Прокуратура тузилмасига ўзгаришлар киритилди

2014 йил 24 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов “Қонунчилик ижросини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонга имзо чекди.

Мазкур Фармонга кўра, Адлия вазирлиги таркибидаги Қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат қилиш Бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари тугатилиб, Республика прокуратураси органлари тузилмасида Қонунчилик ижроси устидан назорат Бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари ташкил қилинди, шунингдек прокуратура органларининг тузилмасига ўзгартиришлар киритилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг битта ўринбосари лавозими тугатилди ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари — Қонунчилик ижроси устидан назорат бош бошқармаси бошлиғи лавозими киритилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси марказий маҳкамасининг тузилмаси прокурор-тергов ходимларининг чекланган сони 199 та штат бирлиги доирасида иловага мувофиқ тасдиқланди.

Прокуратура органлари (ҳарбий прокуратурадан ташқари) ходимларининг чекланган умумий сони 4754 та, шу жумладан бошқарув ходимлари — 3900 штат бирлигидан иборат таркибда белгиланди.

Ўзбекистан Республикаси Бош прокурорига зарурат бўлган тақдирда, Ўзбекистон Республикасининг прокуратура органлари тузилмасига белгиланган умумий штатлар сони доирасида ўзгартишлар киритиш ҳуқуқи берилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратурасининг тузилмаси

Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратурасининг тузилмаси

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси таркибида Қонунчилик ижроси устидан назорат бош бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокуратуралари ва уларга тенглаштирилган прокуратуралар таркибида — Бош бошқарманинг ҳудудий бўлимлари тузилди.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги таркибидаги Қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат қилиш бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари тугатилди ҳамда бўшаётган 88 та штат бирликлари прокуратура органлари таркибида янгидан ташкил этилган Бош бошқарма ва унинг ҳудудий бўлимларини тўлдириш учун ўтказилди.

Янги ташкил этилган Қонунчилик ижроси устидан назорат бош бошқармасининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар томонидан қонун ҳужжатларининг ижроси ҳамда улар томонидан қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига мувофиқлиги устидан назоратни амалга ошириш;
  • фуқароларнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва бошқа ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига қатъий риоя этилиши устидан самарали назоратни таъминлаш;
  • ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, шу жумладан қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчиликка сўзсиз риоя этилишини таъминлаш бўйича таъсирчан чораларни амалга ошириш;
  • фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича таъсирчан чоралар кўриш;
  • қонунбузилишлар, шунингдек ҳуқуқий нормаларни қўллашда субъектив тарзда, танлов асосида, ўзбошимчалик билан талқин қилиш ҳолатларига йўл қўймаслик ва уларни бартараф этишга қаратилган ҳуқуқий таъсир чораларини амалга ошириш;
  • қонунбузилишларни содир этишга имконият берувчи сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этиш, шу жумладан қонунчилик ва ҳуқуқни кўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича таклифларни тайёрлаш орқали таъсирчан чораларни амалга ошириш.

Мазкур Фармон асосида қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилди:

  • Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2004 йил 11 мартдаги «Қишлоқ хўжалигида ислоҳотларни амалга оширишга қаратилган қонунлар ижросини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-3406-сонли Фармони 3-бандининг иккинчи хатбоши, 1 — 4 иловалари;
  • Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 17 июндаги «Давлат органлари фаолиятида қонунийликни таъминлаш соҳасида адлия органларининг ролини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-1555-сонли қарори.

Мазкур Фармоннинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б. Коканбаев зиммасига юклатилди.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (17)
  • Йўқ (2)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига