Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 2013 йил 25 декабрь куни “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2014 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунга имзо чекканлиги ҳақида хабар берган эдим.
Мазкур Қонун асосида Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига 48 та турли мазмундаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, қўшилган қиймат солиғидан озод этилган товарлар рўйхати учтага камайтирилди.
Солиқ Кодексининг 208-моддасида қўшилган қиймат солиғидан озод этилган товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш оборотлари рўйхати берилган эди. Унга кўра, 36 та товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш оборотларига қўшилган қиймат солиғи солинмасди.
2013 йил 25 декабрда қабул қилинган Қонунга биноан, Солиқ Кодекси 208-модданинг 16, 22 ва 30-бандлари чиқариб ташланди. Демак, эндиликда қуйидаги товарларни реализация қилиш оборотига қўшилган қиймат солиғи солинади:
1) давлат мулкини хусусийлаштириш тартибида реализация қилинаётган мол-мулк;
2) ногиронларнинг жамоат бирлашмалари, «Нуроний» жамғармаси ва «Ўзбекистон чернобилчилари» ассоциацияси мулкида бўлган, ишловчилари умумий сонининг камида 50 фоизини ногиронлар ташкил этувчи юридик шахслар томонидан ишлаб чиқарилаётган товарлар (ишлар, хизматлар);
3) устав фондига (устав капиталига) ҳисса ёки пай бадали сифатида бериладиган асосий воситалар, номоддий активлар ва тугалланмаган қурилиш объектлари.