Yangi hujjatlar

Р.Қўчқор. Тил – миллат мулки

Ушбу мақола “Тилга эътибор – элга эътибор” лойиҳаси доирасида чоп этилган. Лойиҳа ҳақида батафсил қуйидаги манзилда ўқинг.

 

Биз аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган бебаҳо бойликнинг ворислари сифатида она тилимизни асраб-авайлашимиз, уни бойитиш, нуфузини янада ошириш устида доимий ишлашимиз зарур.

Ислом КАРИМОВ

 
Президентимизнинг «Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида» китобини синчиклаб ўқиган одам бошқа кўплаб тарихий фактлар қатори ўта муҳим бир муаммо муҳокамаси ва унинг оқилона ечими топилиши жараёнига гувоҳ бўлади. У ҳам бўлса, ўтган асрнинг 80-йиллари охирида кун тартибига қўйилган ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш масаласидир.

Ўша кунларнинг бевосита шоҳиди бўлган юртдошларимиз яхши эслашадики, бу ўта долзарб, шунинг баробарида ниҳоятда нозик, мураккаб, ҳатто қалтис масала атрофида жуда қизғин, ҳатто даҳанаки жанжалларга сабаб бўлган баҳслар авж олган эди. Мазкур баҳс-тортишувлар майдонида Россия империяси, айниқса, шўролар тузуми даврида бениҳоя кўп хўрлик кўрган она тилининг мавқеини тиклаш учун сидқидилдан, фидойиларча ҳаракат қилган кўплаб ватандошларимиз қатори, шу масала баҳона Ўзбекистонда яшайдиган турли миллат вакилларини бир-бирига қарши қайраш, ўзаро нафрат муҳитини яратиш ҳаракатига тушган ғаламис кучлар ҳам пайдо бўлганди.

Бундай ошкор ва яширин кучларнинг вайронкорона ҳаракатига ўз вақтида чек қўйиш, республикадаги шундоқ ҳам мураккаб вазиятнинг баттар газак олиб кетишига йўл қўймаслик учун республиканинг янги раҳбари қатъий ва таъсирли чоралар кўрди. 1989 йил октябрида бўлиб ўтган Ўзбекистон ССР Олий Советининг ўн биринчи сессиясида сўзлаган «Тил элни бирлаштириши лозим» деб номланган нутқида Ислом Каримов: «Ўз она тилини билмаган одам ўзининг шажарасини, ўзининг илдизини билмайдиган, келажаги йўқ одам, киши тилини билмайдиган унинг дилини ҳам билмайди», – дея ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши ҳеч кимда ҳеч қандай шубҳа туғдирмаслиги кераклигини қатъий таъкидлайди.

Шу билан бирга, «ўзбек тилини қарор топтириш ва ривожлантириш ҳақидаги шиорлар остига яширинган ҳолда маҳаллий аҳолини рус тилида гапирадиган аҳолига нисбатан қарши қўяётган»лар ҳаракати сиёсий калтабинлик, очиқдан-очиқ худбинликдан бошқа нарса эмаслигини уқтиради ҳамда бундай ҳаракатлар оқибатидан халқни огоҳ этади:

«Кейинги йилларда, бусиз ҳам ўзбек халқининг бошига, ҳаммангизга маълумки, не мусибатлар, не туҳматлар ёғилмади, дейсиз. Бизларни порахўр ҳам дейишди, ўғри ҳам дейишди, бизлар зўравон деган ном ҳам олдик. Энди эртага ҳаммамиз миллатчи ҳам аталишимиз керакми?
Менинг фикримча, бу гапларнинг илдизини қирқиш керак».

Мана шундай оқилона сиёсат натижасида 1989 йил 21 октябрда Ўзбекистоннинг «Давлат тили ҳақида»ги Қонуни қабул қилинди. Президентимиз «Юксак маънавият – енгилмас куч» китобида: «Бу ватанимиз тарихида том маънодаги буюк воқеа эди», – деб баҳолади.

Орадан ўтган 23 йил мобайнида айни қонун ижроси юзасидан мамлакатимизда амалга оширилган ишларни бирма-бир санаб ўтиш, албатта, кўп вақтни талаб этади. Шу туфайли яқин ўтмишнинг айрим манзараларини бугунги ёшлар кўз олдида гавдалантириш орқали бу саъй-ҳаракатлар моҳиятини очиб бериш фойдалироқ бўлар.

Жумладан, мустақиллик йиллари туғилиб вояга етган авлод наздида истиқлолдан аввал ҳам бугунгидек юртимиз кўча ва хиёбонларини она тилимизда ёзилган, таг замини билан миллий руҳдаги ибратли сўзлар, мақол ва ҳикматлар безагандек туюлиши мумкин. Одамлар мурожаат қилиб борадиган ҳар турли идоралар, соғлиқни сақлаш ва таълим муассасаларида худди бугунгидек кишилар ўзбек тилида эмин-эркин иш юритиши улар наздида оддий, ўзидан-ўзи бўлиб қолган ишдек кўринса ажабмас. Ҳолбуки, шўро даврида «маҳалла комитетлари»дан тортиб ҳукумат идораларигача – барча-барча жойда, ҳатто, ушбу сатрлар муаллифи таълим олган ўзбек филологияси факультетида ҳам аксарият муомала-мулоқот, ёзиш-чизиш ишлари бошқа тилда олиб борилганини айтсангиз, улар ишонишмайди, кўпчилиги бўлса ҳайрон бўлади.

Автобус чиптасидан тортиб фуқаро паспортигача, кинотеатр афишасидан бошлаб қабристон дарвозаси тепасидаги номгача – ҳамма-ҳамма ердан ўзбек тили «бадарға» қилингани, одамларнинг фарзандларига ихлос билан қўйган исм қўполдан-қўпол тарзда, баъзан эса очиқдан-очиқ хўрлаш даражасида бузиб ёзилгани, юзлаб маҳаллий миллат вакили (улар орасида кўплаб кексалар бўлишидан қатъий назар) иштирокида кечаётган мажлис, агар унда иккитагина «хос миллат» вакили (улар жуда обрўли одамми ёхуд пиёниста-қоровулми – бунинг фарқи йўқ!) аралашиб қолган бўлса, сўзсиз ўшалар тилида олиб борилгани бугунги авлод учун эртак бўлиб эшитилса не тонг…

Шукурки, бу гаплар ўтмишда қолди. Президентимиз айтганидек: «Қарийб бир ярим асрлик қарамликдан сўнг мамлакатимизда ўзбек тили давлат тили деб эълон қилинди. Халқимизнинг муқаддас қадриятларидан бири бўлмиш она тилимиз ўзининг қонуний мақоми ва ҳимоясига эга бўлди».

Юқорида таъкидланганидек, қонун ижроси йўлида олиб борилган ижобий ишларнинг сон-саноғи йўқ ва улар – эришилган натижалар ўзимизники. Бугунги вазифа – бу ютуқлар салмоғини янада ошириш, давлат тили обрўси ва шаънини ҳар қандай тажовуз, беписандлик, эътиборсизлик, ўзибўларчилик иллатидан ҳимоя қилиш, ёшларимизда она тилига бўлган фарзандлик меҳрини, давлат тилига нисбатан фуқаролик масъулиятини мунтазам ошириб боришдан иборат. Бу йўлда учраётган ҳар қандай камчилик-нуқсонларни ўз вақтида бартараф этиш эса ҳар бир фуқародан юксак онглилик, масъулият ва ор-номусни талаб этади.

Ахборотлашаётган жамият аъзолари бўлмиш бугунги кишилар оммавий ахборот воситалари, айниқса, радио-телевидение таъсирини ўзида мунтазам ҳис қилиб тургани бор гап. Демак, уларнинг сўз бойлиги ортиши ёхуд қашшоқлашиши, тили равонлашиши ёки дағаллашиши, муомала маданияти юксалиши ёки таназзулга юз тутиши кўп жиҳатдан ОАВнинг мана шу турлари фаолиятига ҳам боғлиқ. Афсуски, айрим теле ва радио каналлар тарқатаётган материаллар тилида учраётган қўпол нуқсонлар бу борада ҳали қилинадиган ишлар етарли эканини кўрсатмоқда.

Ўзбеклар ҳамсуҳбатига азалдан «сиз»лаб мурожаат қилишга одатланганки, бу фазилат миллатимизнинг кўркига фақат кўрк қўшган. Ёмғирдан кейинги қўзиқориндек кўпайиб бораётган, аксарият хорижий рекламаларга «тил бағишлаётган» айрим корчалонлар эса шундай гўзал муомала маданиятимизни бир ҳамла билан барбод қилишаётганини ҳатто ўйлаб ҳам кўришмаса керак. Ахир «Чанқоғингга ишон!», «Зерикдингми, дўстларингни қидир!», «Қорнинг очдими? «Сабо»дан баҳра ол!», «Қорнинг дам бўлдими…» сингари чақириқларни шанғиллаб айтаётган бепарда овозлар ўзини, ёшидан қатъий назар, миллионлаб тарбияли, иффатли, иззатли инсонлар эшитаётганини, уларнинг бу мурожаатлари айнан ана шу истеъмолчига қаратилганини наҳот билишмаса?! Улар бу масъулиятсиз, енгил-елпи қилиғи билан ёшларимиз тилига, муомала маданиятига ўнглаб бўлмас зарар етказаётгани учун, ҳеч қурса, маънавий жавобгарликни ҳис қилишадими-йўқми?!

Ҳозир қайси радио қулоғини бураманг, FМ станцияларидаги бир-биридан бижилдоқ ука ва сингилларимиз олиб бораётган суҳбатлар, савол-жавоблар тўфони ичида қоласиз. Майли, замона зайли экан, қолаверса, бир марта радиода овози эшитилиши учун SMSдан пулини аямайдиган бекорчи ва «зеҳни ўткирлар» бот-бот топилиб турган экан, улар ҳар қанча «дилдан суҳбат» қилишса, чидаймиз. Лекин ўзларини нимагадир «бошловчингиз» (русчадаги «ведущий»нинг калькаси; ҳолбуки, улар кимни қаёққа бошлашади – ҳайронсиз!) деб таништирадиган бояги қиз-йигитларимиз айтаётган гаплар, иборалар одамнинг энсасини қотириб ташлашига нима дейсиз? Масалан, улар берган саволга суҳбатдоши нотўғри жавоб қайтарса, аксарияти: «Сиз нотўғри бўлган жавобни эълон қилдингиз», – дея ҳиринглашади. Бу тарзда гап тузиш ўзбек тилининг қайси қоидасига, меъёрига тўғри келади ахир?

Ўша «бошловчилар»нинг тил саводи шу даражада ғовлаб кетганки, кўпчилиги «зеро», «ҳолбуки», «ваҳоланки», «инчунун» сингари сўзлар гапда қай ҳолатда қўлланишини мутлақо билишмайди, бу борада қайта-қайта «қовун туширишдан» толиқишмайди ҳам.

Бундай саводсизлик намуналарини марказда ва вилоятларда чоп этилаётган кўпдан-кўп газета-журналлар саҳифаларидан ҳам истаганча топиш мумкинки, уларни бирма-бир келтириб ўтиришга вақт ҳам, сиёҳ ҳам ҳайф.

Мавриди келган экан, яна бир кузатишимиз билан ҳам ўртоқлашишни зарур деб ўйлаймиз.

Маълумки, Ўзбекистон Республикасида Конституция билан ҳуқуқий мустаҳкамланган ягона давлат ҳокимияти амал қилади. «Ҳозирги вақтда мамлакатимизда давлат ҳокимиятининг тизими унинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши тамойилига асосланади. Қонун чиқарувчи ҳокимият Олий Мажлис томонидан, ижроия ҳокимияти Вазирлар Маҳкамаси томонидан, суд ҳокимияти эса Конституциявий суд, Олий суд ҳамда Олий хўжалик суди томонидан амалга оширилади». (Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига шарҳ. Т.: 2008, 45–46-бетлар.)

Ана энди шу нуқтаи назардан айрим вилоятларимиз, шаҳар ва туманларимиз ҳокимликлари биноси пештоқига битиб қўйилган ёзувларга эътибор берайлик: «Фалон вилоят ҳокимияти», «Фалон шаҳар ҳокимияти», «Фалон туман ҳокимияти»…

Буни қандай изоҳлаш мумкин? Ахир республиканинг қайсидир бир вилоятида алоҳида ҳокимият, ўша вилоятнинг шаҳару туманида эса яна алоҳида ҳокимият бўлиши ҳуқуқий жиҳатдан қанчалик тўғри?

Бизнингча, бу ёзувларда «ҳокимият» (русчада – «власть») сўзи эмас, «ҳокимлик» сўзи қўлланиши ҳар жиҳатдан тўғри бўлади. Чунки ўша биноларда у ёхуд бу ҳудуддаги бошқарувни, ижроия ҳокимиятини амалга оширадиган вилоят, шаҳар, туман ҳокими бошчилигидаги маъмурият фаолият олиб боради.

Юқорида баён қилинган айрим мулоҳазалардан ҳам кўриниб турибдики, «Давлат тили ҳақида»ги Қонунни ҳаётга тўла ва самарали жорий этиш жараёни доимий эътиборни, мунтазам изланишни талаб қилади. Келтирилган мисоллар эса ҳазрат Навоийнинг «Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз» деган ҳикматли огоҳлантириши ҳеч бир замонда унутилмаслиги лозимлигидан далолатдир.

Раҳмон ҚЎЧҚОР,
филология фанлари номзоди

Huquq va burch
2012 йил 10-сон
www.huquqburch.uz

Ушбу мақола матни “Yurida” қонунчилик базаси дастуридан олинган.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (5)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига