Yangi hujjatlar

Сенат Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонунни маъқуллади

Аввал хабар берганимдек, 2014 йилнинг 10-11 апрель кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтади.

Кеча, 10 апрель куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлиси очилди. Бу ҳақида, ЎзА хабар бермоқда.

Унда Вазирлар Маҳкамасининг таклиф этилган аъзолари, вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари, бошқа ташкилотлар, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ҳозир бўлдилар. Мажлисни Олий Мажлис Сенатининг Раиси И.Собиров олиб борди.

Сенаторлар ўз ишларини Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан парламент муҳокамасига қонунчилик ташаббуси тартибида киритилган “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқишдан бошладилар.

Хабарингиз бор, аввалроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Конституцияга ўзгартириш киритиш ҳақидаги қонунни қабул қилган эди.

Сенаторлар ушбу Қонун қонун чиқарувчи, ижро этувчи, суд ҳокимиятларининг бўлинишидан иборат конституциявий принципни амалга оширишнинг муҳим омили бўлишини алоҳида қайд этдилар ва уни маъқулладилар.

Асосий Қонунга парламент назорати институти киритилмоқда.

Шунингдек, Бош вазир лавозимига номзод парламентда унинг номзоди кўриб чиқилаётган ва тасдиқланаётган пайтда ҳукуматнинг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракат дастурини тақдим этиши ҳақидаги ва мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига доир энг муҳим масалалар юзасидан ҳукуматнинг ҳар йили ўз маърузаларини парламентга тақдим этиш мажбурияти ҳақидаги нормалар киритилмоқда.

Сенаторлар Конституциянинг 117-моддасига киритилаётган тузатишлар алоҳида аҳамиятга эгалигини ҳам кўрсатиб ўтдилар. Бу тузатишлар парламент томонидан тузиладиган мустақил конституциявий орган сифатидаги Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг фаолиятини ташкил этиш, унинг ишлаши ва мақомининг конституциявий асосларини мустаҳкамлаб қўйди.

Бундан ташқари, сенаторлар Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Қонун қабул қилинганлиги муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги Қонунни ҳам кўриб чиқдилар ва маъқулладилар.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (0)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига