Yangi hujjatlar

Шарқшунослик институти ҳузурида Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари маркази ташкил этилди

2014 йил 8 июль Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов «Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тузилмасини янада мақбуллаштириш ҳамда республика академик илм-фани ва олий таълимининг интеграциясини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга имзо чекди.

Унга кўра, Тошкент давлат шарқшунослик институти ҳузурида Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари маркази ташкил этилди. Мазкур марказ Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг тугатилган Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти негизида ташкил этилиши белгиланди.

Мазкур Марказ фаолиятини ташкил этишга доир, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 7 августдаги қарори ҳам қабул қилинди. Қарорга асосан, ташкил этилган янги марказ директори — Тошкент давлат шарқшунослик институтининг проректори Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг буйруғи билан белгиланган тартибда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.

Шарқ қўлёзмалари марказининг вазифаси этиб, қадимий шарқ қўлёзмалари ва шарқ тилларидаги тарихий ҳужжатларнинг сақланишини, тизимлаштирилиши ва қайта тикланишини таъминлаш, Ўзбекистонда сақланаётган ноёб қўлёзмаларнинг электрон базасини ташкил этиш ва юритиш, ёзма ёдгорликларни чуқур тизимли ўрганишни ва уларнинг илмий тавсифларини тузишни ташкил қилишлар белгиланди.

Шунингдек, Ўзбекистонда сақланаётган ноёб қўлёзмаларнинг илмий шарҳланган таржималарини тайёрлаб, маҳаллий ва хорижий олимлар, мутахассислар, ўқувчи ёшлар кенг танишиб, ўрганишлари учун уларни оммавий ахборот воситаларида ва Интернет тармоқларида ўзбек тилида ва хорижий тилларда нашр этиш ҳам Марказнинг асосий вазифаларидан бири эканлиги таъкидланди.

Бош Вазир ўринбосари Р.С.Азимов раҳбарлик қилаётган ишчи гуруҳ олдига, Фанлар академиясининг тугатилган илмий муассасаси ходимларини аттестациядан ўтказиб, ташкил этилаётган илмий-тадқиқот марказини малакали ва ташаббускор илмий ходим ва мутахассислар билан тўлдирилишини таъминлаш вазифаси топширилди.

Президент қарорида Тошкент шаҳри, М. Улуғбек тумани, Мирзо Улуғбек кўчаси, 81-уйда жойлашган Абу Райҳон Беруний номли Шарқшунослик институти бинолари Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг балансидан Тошкент давлат шарқшунослик институти балансига топширилиши-қабул қилиб олиниши кўзда тутилган.

Қарорда таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Ўмон Султонлиги Ҳукумати ўртасида имзоланган Битимга мувофиқ Ўмон Султонлиги томонидан беғараз ажратиладиган техник кўмак (грант) маблағлари ҳисобига Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари маркази фондининг янги кутубхона биноси қурилиши амалга оширилади.

Ўмон Султонлиги томонидан беғараз ажратиладиган техник кўмак (грант) маблағлари ҳисобидан харид қилинадиган ва олиб кириладиган товарлар (ишлар, хизматлар) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича божхона тўловларидан (жумладан, божхона йиғимларидан), қўшилган қиймат солиғидан, давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан, шунингдек Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига йиғимлар тўлашдан озод қилинади.

Марказ кутубхонаси биносини қуриш бўйича:

  • Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси — буюртмачи этиб;
  • «ТошуйжойЛИТИ» очиқ акциядорлик жамияти — бош лойиҳалаштирувчи этиб;
  • бош пудратчи Ўмон Султонлигининг Ўзбекистондаги дипломатик миссияси томонидан буюртмачи билан биргаликда ўтказилаётган танлов натижалари бўйича белгиланади.

Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг буюртманомаларига биноан Марказ кутубхонаси биносини қуриш лойиҳасини амалга оширишда иштирок этаётган хорижий мутахассисларга Тошкент шаҳрининг халқаро аэропорти VIP зали орқали тўлов ундирмасдан текин хизмат кўрсатилишини белгиланган тартибда таъминлаш топширилди.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (4)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига