Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 7 февраль куни Сочи шаҳрида ўтаётган XXII қишки Олимпия ўйинларининг очилиш маросимида иштирок этди. Бу ҳақида, ЎзА хабар бермоқда.
Ўзбекистон Президентини «Адлер» аэропортида Сочи шаҳар раҳбарияти ва Халқаро Олимпия қўмитаси вакиллари кутиб олди.
Давлатимиз раҳбари шу куни мазкур улкан халқаро спорт байрами учун махсус барпо этилган Олимпия шаҳарчаси мажмуасидаги “Фишт” стадионида бўлиб ўтган Олимпия ўйинларининг расмий очилиш маросимида иштирок этди.
Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Сочига ташрифи доирасида Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан амалий учрашув ўтказди. Анъанавий дўстлик ва очиқлик руҳида ўтган суҳбат давомида томонлар кенг кўламли ўзаро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, Ўзбекистон Президентининг Туркманистонга бўлажак расмий ташрифи хусусида фикр алмашдилар.
Сочидаги тадбирлар давомида Ўзбекистон Президентининг Туркия Республикаси Бош вазири Ражаб Таййиб Эрдўғон билан қисқа учрашуви ҳам бўлиб ўтди. Икки мамлакат раҳбарлари ўзаро муносабатларнинг бугунги ҳолатини муҳокама қилиб, ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш лозимлигини таъкидладилар. Шунингдек, томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳақида ҳам фикр алмашилди. Учрашув самимий ва дўстона руҳда ўтди.
Бундан ташқари Болгария ҳукумати матбуот хизматига асосланиб, Кун.Узнинг берган хабарига кўра, Ислом Каримов Сочига ташрифи доирасида Болгария бош вазири Пламен Орешарски билан ҳам учрашган.
Эслатиб ўтаман, ушбу Олимпия ўйинларида саралаш босқичидан муваффақиятли ўтган спортчиларимиз Ксения Григорьева ва Артём Воронов тоғ чанғиси, Миша Ге фигурали учиш мусобақаларида иштирок этади. 5 февраль куни Олимпия шаҳарчасида терма жамоамиз шарафига Ўзбекистон Давлат байроғи тантанали равишда кўтарилди.