Yangi hujjatlar

Термиз шаҳри “Амир Темур” ордени билан мукофотланди

2014 йил 22 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Термиз шаҳрини “Амир Темур” ордени билан мукофотлаш тўғрисидаги фармонга имзо чекди. Фармон матни ЎзА сайтида эълон қилинди.

Фармонда таъкидланишича, мустақиллик йилларида шаҳар аҳлининг ижтимоий-иқтисодий, маданий соҳаларда эришган муваффақиятлари, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатлик муносабатларини ривожлантиришга қўшган муносиб ҳиссаси, халқимизнинг тарихий ва маънавий меросини асраб-авайлаш, ёшларимизни улуғ аждодларимизга хос эзгу қадриятлар, мардлик ва жасорат, Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш борасидаги катта хизматлари учун ҳамда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 23 йиллиги муносабати билан Термиз шаҳри «Амир Темур» ордени билан мукофотланган.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, «Амир Темур» ордени 1996 йил 26 апрель куни таъсис этилган.

«АМИР ТЕМУР» ОРДЕНИНИНГ ТАВСИФИ

amir-temur-ordeni

«Амир Темур» ордени 1 микрон қалинликдаги олтин қопланган 925 даражали (пробали) кумушдан тайёрланади ва икки ён бағридан нурлар таралган саккиз қиррали мусамман кўринишида бўлади. Мусамманнинг бурчаклари орасида яшил ранг эмаль қопланган тарам-тарам бўлиб таралаётган нурлар жойлашган. Мусамманнинг қарама-қарши учлари орасидаги масофа – 57 миллиметр. Нурлар жо бўлган айлананинг диаметри – 52 миллиметр.

Орденнинг марказида от минган Амир Темурнинг қиёфаси кумуш рангда тасвирланган. Отлиқ ортидаги рангли эмалдан ишланган манзара мовий рангда.

Отлиқ қиёфасини ўраб турган айлананинг юқорисида Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг рамзи – ярим ой ва юлдузни ўз ичига олган мовий мусамман тасвирланган. Мусамман жо бўлган майдоннинг диаметри – 10,5 миллиметр. Ярим ой ҳамда беш қиррали юлдуз жо бўлган майдонларининг диаметрлари тегишлича – 5,0 миллиметр ва 2,6 миллиметр. Айлананинг юқори қисмида оқ рангли эмаль манзарада «AMIR TEMUR» ёзуви битилган бўлиб, у ёқутранг эмаль билан қопланган. Ҳарфларнинг баландлиги – 2,5 миллиметр. Айлана бошдан охиригача маржонли нақшлар билан ўралган. Айлананинг диаметри – 36 миллиметр, қалинлиги – 6 миллиметр.

Айлананинг пастки қисмида оқ рангли эмаль манзарада мовий эмалдан ишланган «KUCH – ADOLATDA» сўзлари битилган. Ҳарфларнинг баландлиги – 3 миллиметр. Айлананинг чеккалари ҳар икки томондан 1 миллиметр қалинликдаги қизил эмалдан ишланган қабариқ ҳошия билан ўралган.

Айланаларнинг юқори ва пастки қисмлари диаметри 2,7 миллиметрли иккита ёқут тош билан ажратилган.

Орденнинг орқа томони ботиқ бўлиб, марказида орденни тақиш учун бурама штифт ва мурват бор.

Пастки қисмида орденнинг тартиб рақами 1 миллиметр катталикдаги ботиқ шрифт билан ёзилган.

Орденнинг қалинлиги – 8 миллиметр.

Орденнинг оғирлиги – 60,5 грамм.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (5)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (1)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига