Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон 23 ноябрь куни мамлакат Бош вазири Оқил Оқиловни истеъфога чиқариш ҳақидаги Фармонга имзо чекди. Бу ҳақида Topnews.tj сайти хабар бермоқда.
Эмомали Раҳмон томондан имзоланган бошқа бир Фармонга кўра, Тожикистон Бош вазири лавозимига Сўғд вилояти раиси Қоҳир Расулзода тайинланди.
Шунингдек, Topnews.tj сайти “Авесто” нашрига асосланиб, Сўғд вилояти раиси вазифасини бажарувчи лавозимига Абдурахмон Қодирий тайинлангани тўғрисида хабар берган.
Бундан ташқари Эмомали Раҳмон икки нафар янги Бош вазир ўринбосарларини ҳам тайинлади. Булар Парламент депутати Марҳабо Жаббарова ҳамда “Тожикдавлатгеология” раҳбари Азиз Иброхимовлардир. Учинчи Бош вазир ўринбосари Муродали Алимардон ўзгармасдан, ўз лавозимида қолди.
Эслатиб ўтиш жоизки, Оқил Оқилов 1999 йилдан буён Тожикистон Бош Вазири лавозимида ишлаб келаётган эди.
Янги Бош вазир Қоҳир Расулзода 1961 йил 8 март куни таваллуд топган. Мутахассислиги – гидротехник муҳандис. Техника фанлари номзоди. 2008 йилда Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги давлат хизмати академиясини тамомлаган.
Хабарингиз бўлса, Эмомали Раҳмон 6 ноябрь куни Тожикистонда бўлиб ўтган навбатдаги Президентлик сайловларида ғолиб чиқиб тўртинчи марта Президентликка сайланган эди. Эмомали Раҳмоннинг қонуний равишда қандай қилиб тўртинчи марта Президентликка сайлангани ҳақида маълумот бергандим.
МАЪЛУМОТ ЎРНИДА:
Тожикистон Республикасидан фарқли равишда Ўзбекистонда Бош вазирни лавозимга тайинланиш тартиби ўзгачароқ. 2011 йил 18 апрелдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилган ўзгартиришга кўра, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Президент томонидан лавозимига тайинланмайдиган бўлди. Эндиликда Бош Қомусимизнинг 98-моддасига биноан Бош Вазир қуйидагича тайинланади:
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия ёки тенг миқдордаги энг кўп депутатлик ўринларини қўлга киритган бир неча сиёсий партия томонидан таклиф этилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти тақдим этилган Бош вазир лавозимига номзодни кўриб чиққанидан кейин ўн кун муддат ичида уни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг кўриб чиқиши ва тасдиқлаши учун таклиф этади.
Бош вазир номзоди унинг учун тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сонининг ярмидан кўпи томонидан овоз берилган тақдирда тасдиқланган ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг аъзолари Бош вазир тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ўртасида зиддиятлар доимий тус олган ҳолда Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида учдан бир қисми томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти номига расман киритилган таклиф бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлиси муҳокамасига Бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотуми билдириш ҳақидаги масала киритилади.
Бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотуми тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисми овоз берган тақдирда қабул қилинган ҳисобланади. Бундай ҳолатда Ўзбекистон Республикаси Президенти Бош вазирни лавозимидан озод этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Бунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг бутун таркиби Бош вазир билан бирга истеъфога чиқади.
Янги Бош вазир номзоди Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасидаги барча сиёсий партиялар фракциялари билан тегишли маслаҳатлашувлар ўтказилганидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарига кўриб чиқиш ва тасдиқлашга тақдим қилиш учун таклиф этилади.
Олий Мажлис томонидан Бош вазир лавозимига номзод икки марта рад этилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Бош вазир вазифасини бажарувчини тайинлайди ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисини тарқатиб юборади.