Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимухамедов 2013 йилнинг ноябрь ойида давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келади. Бу ҳақида, UzDaily.uz хабар бермоқда.
Хабарда таъкидланишича, Турманистон Президентининг юртимизга ташриф буюриши ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг мустақиллик куни муносабати билан қардош юрт вакилларига йўллаган табрик телеграммасида баён қилинган.
“Ноябрь ойига мўлжалланган Сизнинг расмий ташрифингизни Ўзбекистонда интизорлик билан кутишмоқда. Бизнинг фикримизча, мазкур ташриф давлатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларнинг ва ҳамкорликнинг ривожланишида янги босқич бўлиб хизмат қилади”, – дейилади Ўзбекистон Президенти мактубида.
“Ишонаманки, кўп қиррали ўзбек-туркман муносабатлари мустаҳкам дўстлик, тотув қўни-қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва қўллаб-қувватлаш принципларига асосланган бўлиб, бу икки давлат ҳамда миллатларнинг фаровонлиги, ривожланиши ва ўзаро манфаатларнинг мустаҳкамланишида муҳим ўрин тутади”, – дея таъкидланади табрик хатида.