Yangi hujjatlar

Президент Ислом Каримов Тошкентда Латвия Президенти Андрис Берзиньшни қабул қилди

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг таклифига биноан Латвия Республикаси Президенти Андрис Берзиньш 27 май куни расмий ташриф билан мамлакатимизга келди. Бу ҳақида, ЎзА хабар бермоқда.

Photo: gazeta.uz

Photo: gazeta.uz

Ташрифнинг асосий тадбирлари 28 май куни бўлиб ўтди. Кўксарой қароргоҳида Латвия Республикаси Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлди. Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Ислом Каримов ва Андрис Берзиньш шоҳсупага кўтарилдилар. Ўзбекистон ва Латвиянинг давлат мадҳиялари янгради. Давлат раҳбарлари фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар.

Photo: gazeta.uz

Photo: gazeta.uz

Президентлар тор доирадаги суҳбат чоғида ўзаро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама этдилар, долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашдилар.

Ислом Каримов Ўзбекистон билан Латвияни кўп йиллик ҳамкорлик ва мустаҳкам дўстлик ришталари боғлаб туришини, ушбу ташриф мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар изчиллигининг яна бир ифодаси эканини таъкидлади.

Photo: gazeta.uz

Photo: gazeta.uz

– Мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар мустақиллик йилларида шаклланган ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг ижобий тажрибасига таянади. Латвия делегациясининг ушбу ташрифи ўзаро ҳурмат ва тенг ҳуқуқлиликка асосланган шериклик муносабатларимиз ривожида муҳим воқеа, олий даражадаги доимий сиёсий мулоқотларнинг мантиқий давомидир, – деди Ўзбекистон раҳбари.

Андрис Берзиньш Латвия Ўзбекистонга улкан иқтисодий салоҳиятга эга мамлакат, вақт синовидан ўтган ишончли ҳамкор сифатида қарашини қайд этди.

– Давлатларимиз ўртасидаги алоқалар кенг кўламли ва мустаҳкам. Президент Ислом Каримовнинг бу борадаги хизматларини, ўзаро ҳамкорлигимиз ва халқаро ҳаётда рўй бераётган жараёнларга оид қарашларини юксак қадрлаймиз, – деди Латвия Президенти.

Ўзбекистон билан Латвия ўртасидаги муносабатлар мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга. 1992 йилда Ўзбекистон ва Латвия ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганидан буён ўзаро ҳамкорликнинг деярли барча соҳаларига оид қирқдан ортиқ давлатлараро, ҳукуматлараро, идоралараро шартнома ва битимлар имзоланган.

Латвия Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги йирик савдо ҳамкорларидан биридир. Ўзбекистон Латвияга юқори сифатли пахта толаси, мева-сабзавотлар, қайта ишланган нефть маҳсулотлари, минерал ўғитлар, рангли металл ва бошқа товарлар экспорт қилади. Латвия мамлакатимизга ускуналар, транспорт воситалари, денгиз маҳсулотлари, пластмасса етказиб беради, логистика хизмати кўрсатади. 2013 йил якунларига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб 250 миллион АҚШ долларини ташкил этган.

Жорий йилнинг апрель ойида Рига шаҳрида Ўзбекистон савдо уйи очилди. Савдо уйига мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган енгил саноат ва озиқ-овқат маҳсулотлари, қуритилган мевалар етказиб берилмоқда. Ўтган қисқа вақт мобайнида мазкур савдо уйи орқали қиймати 30 миллион АҚШ долларидан зиёд шартномалар тузилган.

Ўзаро инвестициявий ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Ўтган йилнинг кузида мамлакатларимиз ҳамкорлигида 343 қўшма корхона фаолият юритган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 392 тага етган.

Музокаралар чоғида терроризм, экстремизм, наркотрафик каби таҳдид ва хатарларга қарши биргаликда курашишга оид масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Бу соҳада 2002 йилда имзоланган Уюшган жиноятчилик, терроризм, наркотик воситалар, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ноқонуний айланишига қарши курашишда ҳамкорликка оид битимга мувофиқ тузилган Ўзбекистон – Латвия қўшма комиссияси муҳим ўрин тутаётгани таъкидланди.

Photo. uza.uz

Photo. uza.uz

Президентлар минтақада барқарорлик ва хавфсизлик таъминланишидан, Афғонистондаги вазият халқаро ҳамжамиятнинг қўллаб-қувватлаши ва кўмагида тартибга солинишидан манфаатдор эканликларини таъкидладилар. Латвия томони Ўзбекистоннинг Афғонистонни ижтимоий-иқтисодий тиклаш, минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини юксак баҳолайди.

Томонлар туризм соҳасидаги ҳамкорликка катта қизиқиш билан қарайди. Латвияда Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Шаҳрисабз каби қадимий ва навқирон шаҳарларимизни келиб кўришни хоҳловчилар кўп. Мамлакатимиздан Болтиқбўйидаги дам олиш масканларига борувчилар сафи ҳам йил сайин кенгайиб бормоқда. Соҳага ишбилармонларни жалб этиш, саёҳатчиларга янада қулайлик яратиш икки томон учун ҳам фойдалидир.

Photo: gazeta.uz

Photo: gazeta.uz

Маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик ҳам изчил ривожланмоқда. 2004 йилда Рига шаҳрида буюк олим ва давлат арбоби Мирзо Улуғбек, 2006 йилда машҳур аллома Абу Али ибн Сино ҳайкаллари ўрнатилиши латвияликларнинг халқимизга, улуғ аждодларимизга ва бой меросимизга юксак ҳурмат-эҳтиромининг яққол ифодаси бўлди.

Таълим соҳаси ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидандир. Латвияда 370 нафардан ортиқ ўзбекистонлик йигит-қиз таҳсил олмоқда.

Давлат раҳбарлари атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик муаммоларни ҳал этиш борасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш тарафдори эканини таъкидладилар.

Photo: uza.uz

Photo: uza.uz

Томонлар Марказий Осиё трансчегаравий дарёларининг сув ресурсларидан халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари, хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Трансчегаравий очиқ сув оқимлари ва халқаро кўлларни муҳофаза қилиш ҳамда фойдаланиш бўйича конвенцияси (1992 йил, Хельсинки), Халқаро очиқ сув оқимларидан кемалар қатнамайдиган турда фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги конвенциясидан (1997 йил, Нью-Йорк) келиб чиқиб, минтақанинг барча давлатлари манфаатларини инобатга олган ҳолда, оқилона ва адолатли фойдаланиш лозимлигини қайд этдилар.

Давлат раҳбарлари минтақанинг трансчегаравий дарёларида йирик гидроэнергетика иншоотларини қуриш уларнинг экологик ва ижтимоий-иқтисодий хавфсизликка таъсири бўйича мажбурий объектив халқаро экспертиза ўтказилганидан сўнггина амалга оширилиши зарурлиги ҳақидаги Европа Иттифоқи позициясини қўллаб-қувватладилар.

Photo: gazeta.uz

Photo: gazeta.uz

Кўксарой қароргоҳидаги музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ва Латвия Республикаси Президенти Андрис Берзиньшнинг Қўшма баёноти қабул қилинди.

Шунингдек, Дипломатик паспорт эгаларининг ўзаро визасиз сафарлари тўғрисидаги ҳукуматлараро битим, Қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасида ҳамкорлик ҳақидаги меморандум, 2014-2016 йилларга мўлжалланган Маданий ҳамкорлик дастурига оид ҳужжатлар имзоланди.

Photo: gazeta.uz

Photo: gazeta.uz

Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда икки давлат раҳбарлари музокаралар ўзаро ишонч ва ишчанлик руҳида ўтганини, эришилган келишувлар Ўзбекистон – Латвия муносабатларини янада ривожлантириш ва икки мамлакат халқларининг фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилишини алоҳида таъкидладилар. Томонлар кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан ёндашув ва позициялари ўхшаш ва яқин эканлигини қайд этди.

Photo: gazeta.uz

Photo: gazeta.uz

Давлат раҳбарлари бундай мулоқотларни изчил давом эттириш, барча соҳалардаги ҳамкорликни янада фаоллаштиришдан икки томон ҳам манфаатдор эканини билдирди.

Куннинг иккинчи ярмида Андрис Берзиньш Ўзбекистон ва Латвия ишбилармон доиралари вакилларининг бизнес-форумида иштирок этди.

Олий мартабали меҳмон Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Мустақиллик майдонига ташриф буюриб, ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди. Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизнинг бош майдонида амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишларига юксак баҳо берди.

Photo: president.lv

Photo: president.lv

Латвия раҳбари Темурийлар тарихи давлат музейида бўлиб, Соҳибқирон ва унинг авлодлари ҳақида ҳикоя қилувчи ноёб экспонатларни томоша қилди.

Латвия Республикаси Президенти Андрис Берзиньшнинг Ўзбекистон Республикасига расмий ташрифи давом этмоқда.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (1)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига