Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг таклифига биноан Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 25 ноябрь куни расмий ташриф билан мамлакатимизга келди. Бу ҳақида ЎзА хабар бермоқда.
“Икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар мустақиллик йилларида янги, сифат жиҳатдан янада юқори босқичга кўтарилди. Бугун Ўзбекистон-Туркманистон ҳамкорлиги 2007 йилда имзоланган Дўстона муносабатлар ва ҳар томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш тўғрисидаги давлатлараро шартнома руҳида жадал ривожланмоқда. Мунтазам равишда олий даражадаги учрашувлар ўтказиб келинаётгани бунинг ёрқин тасдиғидир” дея таъкидланади хабарда.
Олий мартабали меҳмонни расмий кутиб олиш маросимидан кейин Ислом Каримов ва Гурбангули Бердимуҳамедовнинг яккама-якка суҳбатида Ўзбекистон-Туркманистон муносабатларига доир кенг кўламли масалалар, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик муаммолар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Суҳбат давомида Ислом Каримов ва Гурбангули Бердимуҳамедов терроризм, экстремизм, уюшган жиноятчилик, наркотрафик каби таҳдидларга қарши курашиш борасидаги ҳамкорликка доир масалаларни ҳам муҳокама этдилар.
Икки давлат раҳбарлари Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашар экан, Афғонистонда ҳарбий куч ишлатиш йўли билан тинчлик ўрнатиб бўлмаслигини яна бир бор таъкидлади. 2014 йилда халқаро коалиция кучларининг Афғонистондан чиқарилиши хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, беқарорликнинг мазкур мамлакат ҳудудидан ташқарига ёйилишига йўл қўймаслик учун кенг кўламдаги халқаро ҳамкорликни, саъй-ҳаракатларни янада фаол мувофиқлаштиришни тақозо этиши қайд қилинди.
Марказий Осиёда сув-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Сув-энергетика соҳасига оид масалалар халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёр ва тамойиллари асосида, минтақадаги барча давлатлар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, халқаро ташкилотлар иштирокида кўриб чиқилиши зарурлиги таъкидланди. Трансчегаравий дарёларда гидроэнергетика иншоотлари қуриш масалаларига БМТнинг трансчегаравий сув оқимларидан фойдаланишга оид конвенциялари талабларига риоя қилган ҳолда ёндашиш лозимлиги қайд этилди.
Президентлар икки томонлама ҳамкорлик стратегияси ҳамда минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб муаммолар юзасидан ўзаро келишилган позиция ишлаб чиқиш мақсадида олий даражадаги учрашувларни мунтазам давом эттиришга келишиб олдилар.
Икки мамлакат ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни олий даражадаги учрашувларда эришилган келишувларга мувофиқ изчил ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратади.
Кейинги беш йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 3 баробардан зиёдроқ ўсиб, 2012 йил якунларига кўра 450 миллион АҚШ долларидан кўпроқни ташкил этди.
Ўзбекистон томони 2012 йилда имзоланган Ўзаро етказиб бериш тўғрисидаги ҳукуматлараро битим ҳамда 2013-2017 йилларга мўлжалланган Иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги шартномага мувофиқ икки томонлама савдо ҳажмини янада ошириш ва уни диверсификация қилиш мақсадга мувофиқ эканини таъкидлади. Хусусан, Ўзбекистон корхоналари Туркманистон бозорига узоқ муддатли асосда ва кенг кўламда машинасозлик, электротехника ва кимё саноати маҳсулотлари, минерал ўғитлар, қурилиш материаллари, замонавий енгил ва юк ташувчи автомобиллар, автобуслар, қишлоқ хўжалиги техникаси, қайта ишланган полиз маҳсулотлари етказиб беришга тайёр.
Ўзбекистон ва Туркманистон иқтисодий ҳамкорлигида транспорт коммуникациялари устувор жиҳат саналади. Икки мамлакатнинг автомобиль ва темир йўллари яхши интеграциялашган тизим бўлиб, нафақат Ўзбекистон ва Туркманистон, балки учинчи давлатлар учун ҳам қулай транзит мажмуи вазифасини ўтамоқда. 2013 йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистон ҳудудидан Туркманистонга тегишли 304,9 минг тонна юк ташиб ўтилган бўлса, ушбу давлат ҳудудидан юртимизга қарашли 283,8 минг тонна юк олиб ўтилди. Транспорт коммуникациялари ва транзит соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва ўзаро келишилган тариф сиёсати юритиш икки томон салоҳиятини тўлиқ юзага чиқарибгина қолмай, Ўзбекистон ва Туркманистоннинг учинчи давлатлар учун жозибадорлигини ҳам оширади.
Ўзбекистон томонининг фикрича, Эроннинг Бандар Аббос ва Туркиянинг Мерсин бандаргоҳлари йўналиши бўйича Туркманистон коммуникацияларининг рақобатбардошлиги ва жозибадорлигини ошириш учун тарифларни оптималлаштириш, қулай преференциялар жорий этиш мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, мамлакатларимизнинг Форс кўрфази портларига чиқишини таъминлаш учун Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Ўмон-Қатар халқаро транспорт ва транзит йўлагини барпо этиш тўғрисидаги битимни изчил ва тизимли равишда амалга ошириш зарур.
Мамлакатларимиз халқаро миқёсдаги йирик лойиҳаларни амалга ошириш борасида катта тажрибага эга. 2009 йилнинг декабрь ойида ишга тушган Туркманистон-Ўзбекистон-Қозоғистон-Хитой газ қувури бунинг ёрқин тасдиғидир.
Музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Қўшма баёнотни имзоладилар. Икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида Маданий-гуманитар соҳада 2014-2016 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури, Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим, Жиноий йўл билан орттирилган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши кураш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди.
Шунингдек, икки мамлакатнинг кимё саноати ва туризм компаниялари, ахборот агентликлари, товар-хомашё биржалари ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантиришга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланди.
Куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов пойтахтимиздаги Мустақиллик майдонига ташриф буюрдилар. Олий мартабали меҳмон ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди. Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизнинг бош майдонида амалга оширилган улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларига юксак баҳо берди.
Президентлар давлатимиз раҳбари ташаббуси ва ғояси асосида бунёд этилган “Маърифат маркази”ни бориб кўрди. Ушбу мажмуадан ўрин олган Симпозиумлар саройининг кўрку салобати, меъморий ечими, йирик илмий анжуманлар ва халқаро симпозиумлар ўтказиш учун яратилган замонавий шарт-шароитлар, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг бой ахборот-кутубхона фонди, бу ерга келган ёш йигит-қизларнинг юксак интеллектуал салоҳияти олий мартабали меҳмонда катта таассурот қолдирди.
Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Ўзбекистон Республикасига расмий ташрифи давом этмоқда.