2014 йил 18 сентябрь куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ташкил топганининг 10 йиллиги муносабати билан “Пахтакор” марказий стадионидаги мини ўйингоҳда футбол мусобақаси ташкил этилди.
Мусобақа аввалида тадбирнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Маросимда сўз олган Савдо-саноат палатаси раиси Алишер Шайхов юртимизда спортнинг барча турлари қатори футболга берилаётган катта эътибор ҳақида сўзлаб, мусобақа иштирокчиларига омадлар тилади.
Мазкур мусобақада мезбонлар билан биргаликда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси, Касаба уюшмалари Федерацияси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий Кенгаши ходимларидан ташкил топган жамоалар ўзаро куч синашдилар.
Футбол мусобақаси дастлаб қуръа натижаларига кўра, икки жуфтликка бўлинган ҳолда олиб борилди. Савдо-саноат палатаси ва “Камолот” ЁИҲ марказий Кенгаши жамоалари ўртасида ўтган беллашув мезбонларнинг 3:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Иккинчи жуфтликдан жой олган O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва Касаба уюшмалари Федерацияси жамолари учрашувида ҳам 3:0 ҳисоби қайд этилди ва O‘zLiDeP финалга йўл олди.
Ҳамманинг диққат эътиборида бўлган финал учрашуви кутилганидек, муросасиз, кескин тўқнашувларга бой бўлди. Ўйиннинг сўнги дақиқаларида киритилган ягона гол эвазига O‘zLiDeP жамоаси кичик футбол турнирининг ғолибига айланди.