Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 2014 йил 2 январь куни “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига имзо чекди. Қонун матни 3 январь куни “Халқ сўзи” газетасида эълон қилинди.
Мазкур Қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2013 йил 8 ноябрда қабул қилинган ҳамда Сенат томонидан 2013 йил 12 декабрда маъқулланган.
Ушбу Қонуннинг асосий мақсади васийлик ва ҳомийлик соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Қонунда васийлик ва ҳомийлик тушунчаларига изоҳ берилган бўлиб, унга кўра васийлик – ўн тўрт ёшга тўлмаган етим болаларни ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни, шунингдек суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқароларни уларга таъминот, тарбия ва таълим бериш, уларнинг мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида жойлаштиришнинг ҳуқуқий шакли.
Ҳомийлик ҳам васийлик каби бир хил тушунча, фақат у ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахсларга қўлланилади.
Қонунга кўра, васийлик ва ҳомийлик соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари жумласига қуйидагилар киради:
- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси;
- Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги;
- Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги;
- Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги;
- Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари.
Қонуннинг 19-моддасига биноан, васийлик ва ҳомийлик туман, шаҳар ҳокимининг қарори билан белгиланади.
Васийлик ва ҳомийлик васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахснинг яшаш жойи бўйича, агар шахс муайян яшаш жойига эга бўлмаса, васийнинг ёки ҳомийнинг яшаш жойи бўйича белгиланади.
Ота-она яшаш жойида вақтинча бўлмаганда, агар бола улар томонидан олти ойдан ортиқ муддатга қариндошларининг ёки бошқа яқин кишиларнинг васийлигида ёки ҳомийлигида ва назорати остида қолдирилган бўлса, мазкур шахсларнинг болага нисбатан васийлиги ёки ҳомийлиги белгиланади.
Қонунда белгиланишича, вояга етган фуқаролар фақат ўз розилигига кўра васий ёки ҳомий этиб тайинланиши мумкин.
Туман, шаҳар ҳокими васий ёки ҳомий бўлиш истагини билдирган шахснинг ёзма аризасига мувофиқ васий ёки ҳомий тайинланади.
Қуйидагилар васий ёки ҳомий этиб тайинланиши мумкин эмас:
- Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган ёки ота-оналик ҳуқуқлари чекланган шахслар;
- Суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар;
- Собиқ фарзандликка олувчилар, агар фарзандликка олиш уларнинг ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги, ота-оналик ҳуқуқларини суиистеъмол қилганлиги, фарзандликка олинганлар билан шафқатсиз муносабатда бўлганлиги, сурункали алкоголизм ёки гиёҳвандликка мубтало бўлганлиги оқибатида бекор қилинган бўлса;
- ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги ёхуд ўз ҳуқуқларини суиистеъмол қилганлиги учун васий ёки ҳомий мажбуриятларини бажаришдан четлаштирилган шахслар;
- қасддан содир этган жинояти учун илгари ҳукм қилинган шахслар.
Шунингдек, қонунда васийлик ва ҳомийликни тугатиш, васийнинг ва ҳомийнинг ўз мажбуриятларини бажаришдан озод қилиш ҳамда четлатиш, васийликдаги ва ҳомийликдаги шахсларнинг мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, васийлик ва ҳомийлик соҳасидаги назорат каби масалалар ҳам белгилаб берилган.
Мазкур қонун жами 9 боб, 50 моддадан иборат. “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 2014 йил 3 июлдан кучга киради.