Yangi hujjatlar

Депутатлар “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар иккинчи ўқишда бир қатор қонун лойиҳаларини, жумладан, “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастурини рўёбга чиқариш доирасида ишлаб чиқилган “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги ва “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Мажлис чоғида таъкидландики, ўтган давр мобайнида мамлакатимизда васийлик ва ҳомийликка муҳтож шахсларнинг, шу жумладан етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали, кўп поғонали тизими яратилди, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни аниқлаш, вояга етмаганлар орасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судлар ва бошқа муассасаларда ҳимоя қилиш ишлари йўлга қўйилган.

Депутатларнинг фикрича, “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги қонун лойиҳаси васийлик ва ҳомийликка муҳтож шахсларнинг, шу жумладан етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини янада такомиллаштиришга, ушбу соҳада давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кучайтиришга, васийлик ва ҳомийлик органлари ҳуқуқ ва мажбуриятларининг чегараларини белгилашга, ўзига васийлик ёки ҳомийлик белгиланган шахслар мулкини сақлаш ва бошқариш масалаларини тартибга солишга қаратилган.

Унда асосий тушунчалар, васийлик ва ҳомийлик соҳасидаги давлат сиёсатининг йўналишлари, принциплари, давлат органларининг вазифалари ҳамда ваколатлари белгилаб қўйилмоқда, васий ва ҳомий тайинлашнинг мукаммал тартиби ўрнатилмоқда, васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахслар ҳуқуқларининг қонунчилик кафолатлари кучайтирилмоқда, уларнинг мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмлари белгиланмоқда.

Умуман олганда, ушбу қонун лойиҳаларининг қабул қилиниши мамлакатимизда васийлик ва ҳомийлик тизимининг такомиллаштирилишига, ушбу соҳада фаолият олиб борувчи идоралар ва муассасалар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади. Ушбу механизмларнинг такомиллаштирилиши васийлик ва ҳомийликка муҳтож шахсларнинг барча тоифалари ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш имкониятини янада кенгайтиради.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (0)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига