Yangi hujjatlar

Саккизта вилоят ҳокимлари янги муддатга тайинланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 2015 йил 8 январдаги фармонлари асосида саккизта вилоятга ҳокимлар тайинлади. Бу ҳақида, ЎзА хабар бермоқда.

Вилоят ҳокимларининг номзодлари тегишли халқ депутатлари вилоят Кенгашларининг биринчи сессиясида тасдиқланган.

Тайинланган барча вилоят ҳокимлари бугунги кунгача ҳам ушбу вилоятларни бошқариб келаётган эди. Шулардан икки нафари вилоят ҳокими вазифасини бажарувчиси эди.

Фармонларга кўра, қуйидагилар вилоят ҳокими лавозимига янги муддатга тайинланди:

1. Муҳиддин Турдиевич Эсанов — Бухоро вилояти (илгари вилоят ҳокими в.б. эди)
2. Зафар Шаропович Рузиев — Қашқадарё вилояти
3. Баходир Турсунович Юсупов — Наманган вилояти
4. Зойир Тоирович Мирзаев — Самарқанд вилояти
5. Тожимурод Нормуродович Мамараимов — Сурхондарё вилояти (илгари вилоят ҳокими в.б. эди)
6. Ахмад Тугилович Усманов — Тошкент вилояти
7. Шухрат Мадаминович Ганиев — Фарғона вилояти
8. Пўлат Раззақович Бобожонов — Хоразм вилояти

Ҳокимларнинг ваколат муддати – 5 йил

Эслатиб ўтаман, Конституциянинг 93-моддаси 15-бандига кўра, вилоят ҳокимлари ҳамда Тошкент шаҳар ҳокими Бош вазирнинг тақдимига биноан Президент томонидан тайинланади.

“Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуннинг 2-моддасига кўра, вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими номзодлари Президент томонидан тегишли халқ депутатлари Кенгашларидаги партия гуруҳларининг ҳар бири билан маслаҳатлашувлар ўтказилганидан сўнг халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашига тасдиқлаш учун тақдим этилади.

Тегишли халқ депутатлари Кенгаши депутатлари умумий сонининг кўпчилик овозини олган вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими номзоди тасдиқланган ҳисобланади.

Агар овоз бериш вақтида вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими номзодлари тегишли халқ депутатлари Кенгаши депутатлари умумий сонининг кўпчилик овозини ололмаса, Президент мазкур лавозимларга номзодларни партия гуруҳлари билан қўшимча маслаҳатлашувлар ўтказганидан сўнг бир ой ичида яна икки марта тақдим этиш ҳуқуқига эга.

Тегишли халқ депутатлари Кенгаши тақдим этилган вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими номзодларини уч марта рад этган тақдирда, Президент вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчини тайинлаш, тегишли халқ депутатлари Кенгашини тарқатиб юбориш ҳуқуқига эга. Бунда халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашларига сайлов тарқатиб юбориш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч ой ичида ўтказилади.

Президент халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг қарорига мувофиқ ҳоким номзоди бўйича фармон қабул қилади.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (8)
  • Йўқ (1)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига