Yangi hujjatlar

ВОСИТАЧИЛИК ШАРТНОМАСИ

ВОСИТАЧИЛИК ШАРТНОМАСИ – бир тараф (воситачи) иккинчи тарафнинг (комитент) топшириғи бўйича ва унинг ҳисобидан бир ёки бир неча битимни ҳақ эвазига тузиш мажбурияти ҳақида шартнома. В.ш. ёзма равишда тузилиши шарт. Воситачи томонидан учинчи шахс б-н тузилган битим бўйича, гарчи битимда комитентнинг номи тилга олинган ёки у битимни бажариш бўйича учинчи шахс б-н бевосита муносабатларга киришган бўлса–да, воситачи ҳуқуқларга эга бўлади ва зиммасига мажбурият олади. В.ш. муайян муддатга ёки амал қилиш муддати кўрсатилмаган, қайси ҳудудда бажарилиши кўрсатилган ёки кўрсатилмаган ҳолда, комитент воситачига топширган комитентнинг манфаатларини кўзлаб ва унинг ҳисобидан битим тузиш ҳуқуқини учинчи шахсларга бермаслик ҳақида мажбурият олган ёки бундай мажбуриятни олмаган, воситачилик нарсаси бўлган товарларнинг ассортименти хусусида шартлар қўйилган ёки қўйилмаган ҳолда тузилиши мумкин. В.ш. қуйидагиларни назарда тутади: воситачилик ҳақи, воситачилик топшириғини бажариш, қўшимча воситачилик, воситачи сотадиган мол-мулкнинг баҳоси, комитентнинг кўрсатмаларидан четга чиқиш, воситачилик нарсаси ҳисобланган ашёларга бўлган ҳуқуқ, комитентнинг мол-мулки йўқолганлиги, етишмаслиги ёки шикастланганлиги учун воситачининг жавобгарлиги, комитентнинг воситачилик шартномаси бўйича ижрони қабул қилиши, воситачилик топшириғини бажариш учун қилинган харажатларни қоплаш, шартномани бекор қилиш каби ҳолатлар. Комитент воситачига ҳақ тўлаши, воситачи битимнинг учинчи шахс томонидан бажарилиши учун кафолатни ўз зиммасига олган (делькредере) ҳолларда эса шартномада белгиланган миқдорда қўшимча ҳақ ҳам тўлаши шарт. Воситачи сотадиган мол-мулкнинг баҳоси, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, комитент б-н келишилган ҳолда белгиланади. Комитентдан воситачига ўтган ёки воситачи комитент ҳисобидан сотиб олган ашёлар комитентнинг мулки бўлади. Воситачи ўз ихтиёридаги комитент мол-мулкининг йўқолишига, етишмаслигига ёки шикастланишига олиб келган ҳар қандай камчилик учун комитент олдида жавобгар бўлади. Воситачилик шартномаси: комитент шартномани бажаришдан бош тортганлиги; воситачи шартномани бажаришдан бош тортганлиги; воситачи вафот этганлиги, у муомалага лаёқатсиз, лаёқати чекланган, бедарак йўқолган ёки ночор деб топилганлиги оқибатида бекор қилинади. В.ш. б-н боғлиқ ҳуқуқий қоидалар ФКда ўз ифодасини топган. (муал. – И.Зокиров)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига