Yangi hujjatlar

Тадбиркорларни хайрия фаолиятига мажбурий жалб этиш тақиқланди

2014 йил 12 август куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Бюджет ташкилотлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг хайрия эҳсонлари шаклидаги маблағларидан фойдаланишнинг ошкоралиги ва самарадорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексига ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2014 йил 7 апрелдаги ПФ-4609-сон Фармонига мувофиқ, шунингдек бюджет ташкилотлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг хайрия эҳсонлари шаклидаги маблағларидан мақсадли фойдаланиш механизмини тартибга солиш мақсадида қабул қилинган.

Қарорга биноан, Бюджет ташкилотлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг хайрия эҳсонлари шаклидаги маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Шунингдек, қарорга кўра, тадбиркорлик субъектларини хайрия фаолиятига ва уларнинг пул маблағларини сарфлаш билан боғлик бошқа тадбирларга мажбурий жалб этиш тақиқланиши қайд этилди.

Тадбиркорлик субъектлари хайрия эҳсонлари шаклидаги ёрдамни фақат ихтиёрий ва беғараз кўрсатишлари мумкин, – дейилади қарорда.

Низомда хайрия эҳсонлари шаклидаги маблағлар деганда тадбиркорлик субъектларидан бюджет ташкилотларига хайрия эҳсонлари ва ҳомийлик маблағлари шаклида тушадиган пул маблағлари ва мол-мулк тушунилиши белгиланган.

Тадбиркорлик субъектларининг бюджет ташкилотларига хайрия эҳсонлари шаклида тушадиган пул маблағлари бюджет ташкилотларининг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ахборот тизимида очилган тегишли бюджетдан ташқари ғазначилик ҳисоб рақамларида белгиланган тартибда жамланади ва фойдаланилади.

Тадбиркорлик субъектларининг хайрия эҳсонлари шаклида бюджет ташкилотларига тушадиган пул маблағлари, агар шартномаларда ўзгача ҳол қайд этилмаган бўлса. бюджет ташкилотларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга йўналтирилади.

Хайрия эҳсонлари шаклида тушган тегишли бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари ғазначилик ҳисоб рақамларидаги йил мобайнида фойдаланилмаган пул маблағлари қолдиқлари кейинги молиявий йилга ўтади ва олиб қўйилмайди.

Бюджет ташкилотларининг раҳбарлари ва бош бухгалтерлари қонун ҳужжатларига мувофиқ:

  • хайрия эҳсонлари шаклидаги маблағлардан мақсадли фойдаланилиши;
  • бухгалтерия ҳисоби тўғри юритилиши, шунингдек хайрия эҳсонлари шаклидаги маблағлардан фойдаланиш тўғрисидаги ҳисоботлар тузилиши ва тақдим этилиши;
  • хайрия эҳсонлари шаклидаги маблағлар ҳисобига товарларни сотиб олишга (ишларни бажариш, хизматлар кўрсатишга) товарлар етказиб берувчилар билан шартномалар (контрактлар) тузишни расмийлаштиришнинг тўғрилиги ва асосланганлиги учун жавоб берадилар.

Давлат бошқаруви органлари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бюджет ташкилотларининг раҳбарлари тадбиркорлик субъектлари хайрия фаолиятига мажбур этилганлиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (2)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига