2014 йил 5 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов “Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида”ги Қарорга имзо чекди. Қарорнинг расмий матни Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинди.
Мазкур Қарор мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш, хизмат сафарларининг самарадорлигини ошириш, Ўзбекистон Республикаси миллий хавфсизлиги ва давлат сирлари ҳимоясини таъминлаш мақсадида қабул қилинган.
Қарорга кўра, давлат сири ёки ҳарбий сирни ташкил этувчи маълумотлардан хабардор мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиши белгиланган тартибда махсус келишувга асосан амалга оширилади.
Қарор асосида, мансабдор шахслар 3 тоифага ажратилган бўлиб, уларнинг хорижий мамлакатларга хизмат сафарига чиқиши тегишли тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти (1), Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (2), Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг тегишли хизматлари (3) билан махсус келишувни талаб қилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатасига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, уларнинг девонлари масъул ходимларининг хорижий мамлакатларга хизмат сафарларига тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси кенгашлари қарорларига асосан чиқиши тартибини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тавсия қилинди.
Бундан ташқари Президент Қарорида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Олий суд, Бош прокуратура, Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига қонунга хилоф равишда чет элга чиққанлик учун жиноий ва маъмурий жавобгарликни такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиши белгиланди.
Хорижий мамлакатларга хизмат сафарига чиқиши Ўзбекистон Республикаси Президенти билан махсус келишувни талаб қиладиган мансабдор шахсларнинг
РЎЙХАТИ
1. Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари;
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, унинг ўринбосарлари;
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Спикери, унинг ўринбосарлари;
4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчилари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши Котиби, Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонининг Ишлар бошқарувчиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонининг бошқа мустақил бўлинмалари раҳбарлари, шунингдек уларнинг ўринбосарлари.
5. Ўзбекистон Республикаси Президенти девони ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши аппаратининг масъул ходимлари;
6. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг ректори;
7. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтининг директори;
8. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институтининг директори;
9. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссиясининг раиси;
10. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман);
11. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг раиси;
12. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раиси, унинг ўринбосарлари;
13. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Олий суди, Олий хўжалик судининг раислари, шунингдек уларнинг ўринбосарлари;
14. Вазирлар ва давлат қўмиталарининг раҳбарлари, шунингдек уларнинг ўринбосарлари;
15. Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизматининг раиси ва унинг ўринбосарлари;
16. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, унинг ўринбосарлари, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти бошлиғи;
17. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ижро этувчи аппарати бошқарувчиси;
18. Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг раиси, унинг ўринбосари ва масъул ходимлари;
19. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Президенти;
20. Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази директори;
21. Ўзбекистон Республикаси Стратегик таҳлил ва истиқболни белгилаш олий мактабининг бошлиғи;
22. Ўзбекистон Республикаси Президентининг истиқболли ёш педагоглар ва илмий кадрлар малакасини ошириш «Истеъдод» жамғармасининг Ижрочи директори;
23. Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси Ижрочи директори;
24. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенеси Раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси;
25. Вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари.
Изоҳ: мазкур Рўйхатда кўрсатилган мансабдор шахслар ўриндошлик асосида бошқа лавозимларни эгаллаган тақдирда, ўриндошлик асосида эгаллаган лавозими йўналиши бўйича чет элга хизмат сафарига чиқиши ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти билан махсус келишиш талаб этилади.
Хорижий мамлакатларга хизмат сафарига чиқиши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан махсус келишувни талаб қиладиган мансабдор шахсларнинг
РЎЙХАТИ
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппарати ахборот-таҳлил департаментларининг (бошқармаларининг, бўлимларининг) раҳбарлари;
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппаратининг масъул ходимлари;
3. Республика давлат бошқаруви органларининг раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари (вазирликлар ва давлат қўмиталари бундан мустасно);
4. Хўжалик бошқаруви органларининг раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари;
5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ташкил этилган ташкилотлар ва муассасалар раҳбарлари;
6. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори;
7. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси, унинг ўринбосарлари;
8. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Ижроия қўмитасининг раиси;
9. Давлат олий таълим муассасаларининг раҳбарлари (ректорлари) (МХХ, Ички ишлар, Мудофаа, Адлия вазирликларининг, Давлат божхона қўмитасининг таълим муассасалари бундан мустасно), шунингдек уларнинг ўринбосарлари (проректорлар);
10. «Шарқ» НМАК, «Навоий кон-металлургия комбинати» Давлат корхонаси, «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» ОАЖ, «Ўзбекистон металлургия комбинати» ОАЖ бош директорлари;
11. Ўзбекистон Бадиий академиясининг раиси;
12. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосарлари;
13. Устав фондида давлат улуши мавжуд бўлган тижорат банклари бошқаруви раислари;
14. Вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ўринбосарлари;
15. Туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари (Тошкент шаҳри бундан мустасно).
Изоҳ:
1. Мазкур Рўйхатда кўрсатилган мансабдор шахслар ўриндошлик асосида бошқа лавозимларни эгаллаган тақдирда, ўриндошлик асосида эгаллаган лавозими йўналиши бўйича чет элга хизмат сафарига чиқиши ҳам Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан махсус келишиш талаб этилади.
2. Вазирлар Маҳкамаси томонидан чет элга хизмат сафарига чиқиши Вазирлар Маҳкамаси билан махсус келишувни талаб қиладиган қўшимча лавозимлар ҳам белгиланиши мумкин.
Хорижий мамлакатларга хизмат сафарига чиқиши Ўзбекистон Республикаси Президенти девони тегишли хизматлари билан махсус келишувни талаб қиладиган мансабдор шахсларнинг
РЎЙХАТИ
Ташкилий-кадрлар хизмати
1. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси проректорлари;
Олий Мажлис, сиёсий ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш хизмати
1. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти директори ўринбосари;
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари фаолиятини мувофиқлаштириш хизмати
1. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссиясининг масъул ходимлари;
2. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Олий суди, Олий хўжалик суди, Бош прокуратураси, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, шу жумладан уларнинг ҳудудий ва таркибий бўлинмаларининг масъул ходимлари — халқаро миқёсдаги расмий тадбирларда, шунингдек Ўзбекистоннинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органлари делегацияси таркибида қатнашиш учун;
3. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, умумий юрисдикция ва хўжалик судлари судьялари;
4. Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси давлат олий таълим муассасаларининг раҳбарлари (ректорлари), шунингдек уларнинг ўринбосарлари (проректорлари);
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши аппарати
1. Ташқи сиёсий тадқиқотлар бўйича Мувофиқлаштириш-таҳлил марказининг директори ва директор ўринбосари;
2. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари;
3. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори ўринбосарлари;
4. Ташқи ишлар, Ички ишлар, МХХ, МХХ ДЧҲҚҚ, Адлия, Мудофаа, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Олий суд, Бош прокуратура, Давлат божхона қўмитасининг, шу жумладан уларнинг ҳудудий ва таркибий бўлинмаларининг масъул ходимлари — халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг (БМТ, ШҲТ, МДҲ ва бошқалар) расмий тадбирларида қатнашиш учун;
5. МХХ, Мудофаа вазирлигининг олий таълим муассасалари раҳбарлари (ректорлари), шунингдек уларнинг ўринбосарлари (проректорлар).
Изоҳ:
1. Мазкур Рўйхатда кўрсатилган мансабдор шахслар ўриндошлик асосида бошқа лавозимларни эгаллаган тақдирда, ўриндошлик асосида эгаллаган лавозими йўналиши бўйича чет элга хизмат сафарига чиқиши ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти девони тегишли хизматлари билан махсус келишиш талаб этилади.
2. Мансабдор шахсларнинг халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг расмий тадбирларида қатнашишини келишиш Ташқи ишлар вазирлиги орқали амалга оширилади.