Yangi hujjatlar

Сенаторлар бир қатор қонун лойиҳаларини маъқуллашди

2014 йил 28 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисида сенаторлар бир қатор қонун лойиҳаларини маъқуллашди. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг матбуот хизмати хабар бермоқда.

Хусусан, сенаторлар Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш доирасида ишлаб чиқилган «Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини ҳам кўриб чиқдилар.

Муҳокама жараёнида сенаторлар қонун биржа фаолияти ва биржалар иши масалаларида ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётидан фойдаланиш учун шарт-шароит, шунингдек, мамлакатимиз биржа бозорининг жаҳон биржа бозорига интеграциялашуви учун механизмлар яратишини алоҳида кўрсатиб ўтдилар. Умуман, қонун хўжалик юритувчи субъектлар товар-хомашё ва молия биржаларида кенг иштирок этишини таъминлашга, молия секторини ривожлантиришга, бозор инфратузилмасининг сифатини оширишга, макроиқтисодий ўсиш суръатларини яхшилашга ёрдам беради. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг сенаторлар асосий мақсади ижтимоий-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ва суд-ҳуқуқ соҳаларидаги амал қилиб турган қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришдан иборат бўлган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар.

Ушбу қонуннинг асосий қоидалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларига, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 7 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 25 июндаги «Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилган тузатишларни рўёбга чиқариш соҳасидаги қонун ижодкорлиги ишлари дастури тўғрисида»ги фармойишига мувофиқ тайёрланган.

Қонун билан бир қатор қонунларга: «Ўзбекистон Республикасининг Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги, «Микромолиялаш тўғрисида»ги, «Суғурта фаолияти тўғрисида»ги, «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги, «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги қонунларга, Божхона кодексига, Жиноят-процессуал кодексга, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, бир қатор бошқа қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Сенаторларнинг фикрича, қонун ҳужжатларига киритилаётган тузатишлар сайлов қонунчилигини янада такомиллаштиришга, Марказий сайлов комиссиясининг ваколатларини кенгайтиришга, мустақиллигининг кафолатларини мустаҳкамлашга ёрдам беради. Ушбу қонун ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, тадбиркорлик субъектлари учун янада қулайроқ шароитлар яратиш, суд-ҳуқуқ соҳасидаги демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг муҳим омили бўлади. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган тузатишлар катта аҳамиятга эга. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (0)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига