Yangi hujjatlar

ЁНДИРИШ МОСЛАМАЛАРИ

ЁНДИРИШ МОСЛАМАЛАРИ – ўточар қуролнинг милида жойлашган патрон гильзаси ичидаги порохни ёндириш учун – қуролнинг учинчи асосий элементи ёндириш мосламаси ёки отиш механизми хизмат қилади. Экспертиза амалиётида қуйидаги ёндириш мосламалари учраб туради: термик, учқунли, механик ва электрик. Термик ёндириш мосламалари – ўточар қурол ихтиро қилингандан буён ишлатилиб келинади ва милнинг орқа кесими томонида жойлашган ёндириш туйнукчасидан иборат. Бу каби ёндириш мосламаси бўлган қуроллар милига аввал порох заряди, кейин пиж, сўнг ўқ солинади. Ўқни отиш учун милдаги порох ёндириш туйнукчаси орқали очиқ олов б-н ёки қиздирилган метал сим б-н ёндириб юборилади. Бундай қуролларда ёндириш камераси вазифасини милнинг ўзи бажаради. XV асрнинг иккинчи ярмида серпантин деб номланган ва ўзига хос қилиб эгилган симдан иборат фитилли ёндириш мосламаси ихтиро қилинди. Бу серпантин ҳозирги тепкиларга ўхшаш қилиб махсус ўққа маҳкамланган. Серпантинга селитра ёки вино спирти б-н ишлов берилган ва шунинг учун жуда секин чўғланиб ёниб турадиган фитил маҳкамланган. Серпантиннинг қуйи учи босилганда, унинг эзилган иккинчи юқори қисми милнинг ёндириш туйнукчасига бориб тегиб, ёндириш камерасидаги порохни ёндириб юборган ва шу тариқа ўқ отилган. Ҳозирги вақтда термик ёндириш мосламалари қўлбола усулда ясалган қуролларда учраб туради. Учқунли ёндириш мосламалари – ўточар қуролларнинг ривожланиш жараёнида фитилли ёндириш мосламаларининг ўрнини босган. Бу мосламалар етарлича такомиллашган механик қурилма бўлиб, кремнийга металлнинг урилишидан сачровчи учқун ёрдамида порохни ёндириб юборадиган бўлган. Механик ёндириш мосламаларига уриш механизми киради. Электрли ёндириш мосламалари – бу каби мосламаларда порох зарядининг ёниши ёндириш камерасига киритилган электродлар орасида вужудга келадиган электр разряди ёрдамида амалга ошади. Ана шундай ёндириш мосламали милтиқлар XIX асрнинг 70–й.ларида ихтиро қилинган эди. Бу милтиқларнинг ичи бўш бўлган қўндоғида электр батареяси жойлаштирилган. Бу милтиқнинг патрон гильзасининг туби марказида махсус электрод жойлаштирилган. Шу каби «электр» милтиқлар тахминан бир вақтда Бельгияда қуролсоз ихтирочи Пиппер томонидан ишлаб чиқарилган эди, бу милтиқнинг фарқи шундаки, унинг электр батареяси милтиқ қўндоғида эмас, балки ташқарида осма ҳолатда бўлган. Ҳозирги вақтда электрли ёндириш мосламаларини фақатгина қўлбола усулда ясалган қуролларда учратиш мумкин. (муал. – Р.Алимова)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига