Yangi hujjatlar

Ёшлар маданият ва санъат маркази ташкил этилди

2014 йил 14 август куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ёшлар маданият ва санъат маркази фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги муассислигида давлат унитар корхонаси шаклида Ёшлар маданият ва санъат маркази ташкил этилди.

Шунингдек, қарорга биноан Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, Мустақиллик шоҳ кўчаси, 2-уй манзилида жойлашган Ёшлар ижод саройи биноси, ундаги мебель ва жиҳозлар ҳамда моддий-техник воситалар билан биргаликда Ўзбекистон «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий Кенгашига тасарруф этиш ҳуқуқисиз бепул берилди.

Ёшлар ижод саройи биносининг олд кўриниши | Photo: ridjey.ru

Ёшлар ижод саройи | Photo: ridjey.ru

Ёшлар ижод саройи биносида Марказни ижара тўловисиз жойлаштириш, шунингдек саройнинг концерт ва кўргазма заллари, хоналари, мебель ва жиҳозлари ҳамда моддий-техник воситаларидан бепул фойдаланиши тўғрисидаги «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатининг таклифига розилик берилди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан таъсис этилган «YOSНLAR IJOD SAROYINI SAQLASН VA EKSPLUATASIYA QILISН DIREKTSIYASI» давлат унитар корхонаси қонунчиликда белгиланган тартибда тугатилиши белгиланди.

Қуйидагилар янги ташкил этилган Марказнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

  • ўсиб келаётган ёш авлодни ватанпарварлик, миллий қадриятларимиз руҳида тарбиялаш, маданият ва санъат борасида ёшларнинг интилишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида концерт ва фестиваллар, кўрик-танловлар, турли маданий шоу-томоша тадбирларини ўтказиш;
  • жаҳон халқлари миллий мусиқа ва қўшиқчилик санъатининг ноёб намуналарини ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш, Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрадиган ҳамда юртимиздан хорижга чиқувчи ёш хонанда, созанда ва бадиий жамоаларнинг гастрол сафарларини миллий хусусиятларимизга мувофиқ юқори бадиий савияда уюштириш;
  • ёш ижодкорларнинг, айниқса чекка қишлоқ ва маҳаллалардаги иқтидорли ёшларнинг ноёб истеъдодини рўёбга чиқариш ва улар фаолиятини тизимли равишда кенг тарғиб этиш, турли телелойиҳа, телетанлов, кўрсатув ва эшиттиришлар ташкил этиш;
  • ёшларнинг ижодий бирлашмалари, жамоалари ва яккахон ижрочиларнинг фаолияти, репертуари, сценарийлари, дастурларининг юқори ғоявий-бадиий савиясини таъминлашга амалий ёрдам бериш, ушбу жараённи мувофиқлаштириш ва таҳлил қилиб бориш;
  • турли маънавий таҳдидлар, мафкуравий хуружлар, «оммавий маданият»нинг ёшларга зарарли таъсирини ўрганиш ҳамда ёшлар ўртасида самарали ижодий ҳамкорлик муҳитини яратиш;
  • ёшлар учун тажриба алмашиш, илмий-ижодий симпозиумлар, конференциялар, маҳорат дарслари ташкил этиш;
  • театр, концерт ва томоша саҳналари, маданият, санъат марказлари, маданият ва истироҳат боғлари, амфитеатрлар ва бошқа маданий-томоша муассасаларидан самарали фойдаланиш ҳамда жойларда ёш иқтидор эгалари ва истеъдод соҳибларини қўллаб-қувватлаш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш.

«Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 9-моддасига мувофиқ Марказга қуйидаги фаолият турларини тегишли лицензия олмасдан амалга оширишга рухсат берилди:

  • Ўзбекистон Республикасида ва ундан ташқарида концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш;
  • ноширлик ва таълим фаолияти, аудиовизуал асарларни тайёрлаш, дубляж қилиш ва экранда намойиш этиш, аудиовизуал асарларни, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларни такрорлаш, сотиш, прокатга бериш, фонограммаларни тайёрлаш ҳамда туризм фаолияти билан шуғулланиш.
Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (1)
  • Йўқ (2)
  • Бироз (1)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига