Yangi hujjatlar

Юридик таълим тизимида катта ўзгариш бўлди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 28 апрель куни Тошкент давлат юридик университет фаолиятини тубдан такомиллаштиришга оид ПҚ-2932-сонли қарорга имзо чекди.

Мазкур қарорга кўра, Ўзбекистон миллий таълим тизимида ҳали янгилик бўлган кўплаб қувонарли ўзгаришлар бошлаб берилганини таъкидлаш жоиз. Хусусан, булар қуйидагилар:

1) аввало ТДЮУга университет битирувчилари учун, ўқув режалари ва дастурлари учун талабларни ҳуқуқни қўллаш амалиётидан келиб чиқиб мустақил равишда шакллантириш ҳуқуқи берилди. Бу дегани энди ТДЮУ амалда ўқув жараёнини Олий таълим вазирлигидан мустақил равишда белгилай олади;

2) ТДЮУга педагог ходимларнинг ўқув йили учун 1540 соатлик юклама бажаришига оид совет давридан қолган талаблардан воз кечиб, мустақил равишда университет ўқитувчиларига фақат ўқув фаолияти билан боғлиқ меҳнат вазифларини юклаш механизмини ишлаб чиқиш ҳуқуқи берилди. Бу ҳам қувонарли ўзгариш. Чунки ўзимни бошимдан ўтганим учун ўқитувчиларга 1540 соатлик юкламани тўлдириш нақадар қўшимча “нагрузка” юклашини яхши биламан. Бунинг устига 1540 соатни бажармасангиз “пулини ҳалоллаб олмаган ва ўз ишига нолойиқ” деган тамғани босишади, лекин умумий юкламадан бир неча юз соат кўп бажарганлар ўқитувчиларга қўшимча ҳақ ҳақида лом-мим дейилмайди;

3) университет педагог ходимларини қўшимча рағбатлантириш тизими жорий қилинади. Бунга кўра, ўқитувчиларга 100 фоизгача бўлган миқдорда устама жорий қилинди. Бу ҳам қувонарли хабар. Моддий томондан яхши таъминланган педагогда ўз устида ишлашида ҳам, таълим сифатида ҳам, имтиҳон вақтида ҳам ижобий ўзгаришлар бўлиши шубҳасиз. Айниқса, таълимдаги коррупциянинг олдини олиш учун ҳам бундай тизим зарур;

4) семестр давомида назарий фанлардан ўқув жараёнлари учун мўлжалланган 19 ҳафталик стандарт 14 ҳафтагача қисқартирилди. Тежаб қолинган ҳафталар талабаларнинг мустақил изланишига ҳамда имтиҳонларга тайёрланишига ажратилади;

5) университет ўқув жараёнларида худди ғарб давлатларидаги каби кредит тизими жорий этилади;

6) университетда талабалар қабул квотаси контракт ҳисобига 600 та этиб белгиланади (ўтган йили 450 нафар эди). Бунинг устига университетга эҳтиёждан келиб чиқиб, қўшимча контракт квоталари олиш ҳуқуқи берилди. Маълумотларга кўра, университет яна 300 тагача қўшимча контракт (халқ тилида “супер контракт”) олиши мумкин экан;

7) Яна бир қувонарли ўзгаришлардан бири, ТДЮУ хорижлик талабаларни хориж валютасида тўланадиган контракт эвазига тест синовларисиз, шунчаки суҳбат асосида қабул қилиши мумкин бўлди;

8) Бундан буён ТДЮУ ректорлари бир вақтнинг ўзида Адлия вазири ўринбосари сифатида тайинланадиган бўлди. Масалан, ҳозирги ректор Е.Каньязов Президентнинг ПҚ-2933-сонли қарори билан Адлия вазири ўринбосари – ТДЮУ ректори лавозимига тайинланди;

9) 11 кишидан иборат ТДЮУ Васийлик кенгаши таркиби тасдиқланди. Кенгаш раиси Бош Прокурор И.Абдуллаев, Кенгаш раиси ўринбосари Адлия вазири М.Икрамов тайинланди. Шунингдек, Кенгаш таркибига Президент Давлат маслаҳатчиси О.Муродов, Судьялар Олий кенгаши раиси М.Усманов, Конституциявий суд раиси Б.Мирбабаев, Олий суд раиси Ш.Газиев, Ички ишлар вазири А.Азизов, Олий таълим вазири Р.Қосимов, Судьялар ассоциацияси раисининг биринчи ўринбосари У.Мингбоев, Адвокатлар палатаси раиси Р.Ахмедов ҳамда Адлия вазири ўринбосари – ТДЮУ ректори Е.Каньязовлар киритилди.

 

Умид қиламиз, бўлган ўзгаришлар келгусида ўзининг ижобий самарасини беради ва халқимизга сидқидилдан хизмат қиладиган билимли, ҳалол ва янгича фикрлайдиган ҳуқуқшунослар етишиб чиқади.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (170)
  • Йўқ (11)
  • Бироз (12)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига