2014 йил 31 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов «Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги қарорга имзо чекди. Қарор матни ЎзАда эълон қилинди.
Қарорда таъкидланишича, шоиранинг 100 йиллиги “бетакрор истеъдоди, Ватанга муҳаббат, вафо ва садоқат туйғусини, олижаноб инсоний фазилатларни юксак пардаларда тараннум этган етук бадиий асарлари, ибратли ҳаёти ва ижтимоий фаолияти билан миллий адабиётимиз ва маданиятимиз ривожига, халқимиз маънавиятини юксалтиришга қўшган улкан ҳиссасини инобатга олиб” нишонланади.
Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш бўйича ташкилий қўмита ташкил этилиб, тадбирни юқори савияда нишонлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиши лозимлиги белгиланди.
Ушбу режада:
– шоиранинг ўзбек тилида “Сайланма” асарларини, инглиз ва қорақалпоқ тилларига таржима қилинган шеърий тўпламларини;
– “Зулфия замондошлари хотирасида” китобини нашрга тайёрлаш ва чоп этиш;
– шоиранинг ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм яратиш;
– Ўзбекистон Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтида “Мустақиллик даври адабиётида Зулфия ижодининг аҳамияти” мавзусида илмий конференция ўтказиш;
– мамлакатимиздаги олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар, умумий ўрта таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда таниқли адиб ва олимлар, санъаткорлар иштирокида учрашувлар, адабий кечалар ташкил этиш;
– 2015 йил март ойида Тошкент шаҳридаги “Туркистон” саройида зиёлилар, фаол хотин-қизлар, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида шоира хотирасига бағишланган ижодий кеча ўтказиш тадбирлари кўзда тутилиши лозимлиги таъкидланди.
Шунингдек, Президент қарорига кўра, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилди.