Сўнги бир ой ичида бир қанча давлатларда Президентлик сайловлари бўлиб ўтганидан хабарингиз бор. Хусусан, 9 октябрь куни Озарбайжонда ўтказилган сайловларда Илҳом Алиев қайта сайланган, унинг инаугурация маросими эса 19 октябрда ўтказилганлиги ҳақида маълумот берган эдим.
Бироз ўтиб, аниқроғи 27 октябрь куни Грузия давлатида ҳам Президентлик сайловлари ўтказилди. Унда «Грузия орзуси» партиясидан кўрсатилган номзод – Георгий Маргвелашвили 62,11 % овоз тўплаб ғалаба қозонди.
Куни кеча, яъни 6 ноябрь куни қўшнимиз Тожикистонда ҳам навбатдаги Президентлик сайловлари бўлиб ўтди. Мазкур сайлов натижалари ҳамда умуман сайловларда ғолиб чиққан Эмомали Раҳмон қандай қилиб Президентликка тўртинчи марта сайлангани ҳақида кеча батафсилроқ ёзган эдим.
Юқорида таъкидланган иккита давлатда ҳам сайланган Президентларнинг қоида бўйича расмий инаугурация маросими ўтказилиши лозим. Улар мазкур инаугурация маросимидан сўнг расман Президентликка киришишлари мумкин бўлади.
Ушбу расмий маросим кунлари аниқ бўлди. Mezon.uz сайтининг хабарига кўра, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг инаугурация маросими 16 ноябрь куни ташкил қилинади. Тожикистон Конституциясига биноан, Президент жаноби олийлари мамлакат Парламенти палаталари олдида қасамёд қабул қилиши керак. Шунингдек, ўша куни Президент шарафига Душанбе шаҳридаги марказий майдонда 5 минг кишидан кўпроқ киши иштирокида ҳарбий парад ўтказилиши мўлжалланган. Ҳарбий парад вақтида офицер ва аскарлар янги сайланган Президент олдида қасамёд қилишади. Чунки, Тожикистонда ҳам худди биздаги каби Республика Президенти Конституцияга биноан бир вақтнинг ўзида Олий Бош қўмондон ҳисобланади.
Грузияда эса янги Президент Георгий Маргвелашвилининг инаугурация маросими 17 ноябрь куни Тбилиси шаҳар марказидаги Парламент биносида ўтказилади. Бу ҳақида, Newsgeorgia.ru сайти хабар бермоқда. Нашрнинг маълумотларига кўра, маросим “камтарона, лекин чиройли тарзда” ўтади. Грузия мадҳияси Давлат симфоник оркестри ва капелласи томонидан ижро этилган сўнг, Маргвелашвили қасамёд қабул қилади. Шундан сўнг Президент жаноби олийлари Қаҳрамонлар майдонига йўл олади ҳамда Грузия бирдамлиги учун қурбон бўлганлар хотирасини ёд этади. Ўша кеча Руставили номидаги Давлат академик театрида тантанали қабул ҳамда концерт дастури ташкиллаштирилади.
Грузия Ички ишлар вазири Майя Панджикидзе сўзларига кўра, инаугурация маросимига собиқ Президент Эдуард Шеварднадзе ҳамда амалдаги Президент Михаил Саакашвилилар ҳам иштирок этади. Ушбу маросимдан сўнг Саакашвилининг Президентлик муддати расман тугайди.
Ички ишлар вазири сўзларига кўра, инаугурация маросимидан ҳарбий компонент ҳам жой олади, лекин оғир техникалар ва авиация жалб қилинмайди.