Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 21 йиллиги арафасида «Парламентаризм билимдони-2013» танлови ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтади. Ташкилий қўмита берган хабарга кўра, мазкур тақдирлаш маросими жорий йилнинг 2 декабрь куни ўтказилади.
Хабарда таъкидланишича, ғолиблар 2 декабрь куни соат 9.00да Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси биносига экскурсияга таклиф этилади ва парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолияти билан яқиндан танишиш имконига эга бўлади.
Тадбирда электрон манзил орқали саволнома-анкетани тўлдирган ва 50 баллдан юқори балл тўплаган 150 нафар ёшлар иштирок этади.
«Парламентаризм билимдонлари-2013» танлови ғолибларини қуйидаги совғалар кутмоқда:
1-ўрин – NOTEBOOK
2-ўрин – IPHONE 4s
3-ўрин – IPod
Шунингдек, ҳар бир қатнашчи Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг махсус дипломлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланади.
Куннинг иккинчи ярмида иштирокчилар Муқимий номидаги мусиқали драма театрида қизиқарли спектакл намойишига таклиф этилади.
Эслатиб ўтаман, «Парламентаризм билимдонлари-2013» танлови Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг веб-сайтида ёшлар ўртасида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 21 йиллигига бағишланиб ташкиллаштирилган эди. Танлов регламентига кўра, танловда 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар иштирок этиши мумкин.
Танлов 2013 йил 7 майдан бошланган эди ва 2013 йил 1 декабргача давом этади. Мазкур танлов жами 30 турдан иборат (яъни, 1-ҳафтада – 1-тур, 2-ҳафтада – 2-тур ва ҳоказо). Ҳозирда 28 та тур ўтказилди. Танлов иштирокчиларининг рейтинги билан қуйидаги манзилда танишишингиз мумкин.