Yangi hujjatlar

Спорт мусобақалари вақтида Ўзбекистон давлат мадҳиясини ижро этиш қоидалари тасдиқланди

2013 йил 2 декабрь куни “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида республика ва халқаро спорт мусобақаларини ўтказиш вақтида Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳиясини ижро этиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирининг буйруғи тасдиқланди. Мазкур буйруққа Маданият ва спорт ишлари вазири Минҳожиддин Ходжиматов имзо чеккан.

Буйруққа асосан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида республика ва халқаро спорт мусобақаларини ўтказиш вақтида Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳиясини ижро этиш тартиби белгиланди. Унга кўра, спорт мусобақаларини ўтказиш вақтида Давлат мадҳиясининг ижро этилиши мусобақа ташкилотчилари томонидан таъминланиши керак.

“Спорт мусобақаси деганда ўзи нимани тушуниш лозим?” деган саволга қоидаларда қуйидагича жавоб берилган:

Cпорт мусобақалари деганда, мусобақанинг ғолиби ва совриндорларини аниқлаш мақсадида спортнинг ҳар хил турлари бўйича спортчилар ёки спорт жамоалари ўртасида ўтказиладиган беллашув тушунилади.

Давлат мадҳияси «Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни билан тасдиқланган матни ва мусиқавий таҳририга айнан мувофиқ ҳолда ижро этилиши лозим.

Шунингдек, спорт мусобақаларини ўтказиш вақтида Давлат мадҳиясини қисқартириб ижро этилишига ҳам рухсат берилди. Фақат бунда Давлат мадҳиясининг бошланиши ва нақорат бир мартадан айтилади.

Давлат мадҳияси Ўзбекистон Республикаси чемпионатларини, миллий терма командалар иштирокида халқаро спорт мусобақаларини ўтказиш вақтида ҳамда халқаро спорт мусобақаларининг Ўзбекистон Республикаси спорт терма командаларининг вакиллари бўлган ғолибларини мукофотлаш маросимларини ўтказиш вақтида ижро этилади.

Давлат мадҳияси тик туриб ва ўнг қўл кафтини кўкракнинг чап томонига қўйиб давлат байроғига юзини бурган ҳолда куйланади (тингланади).

Халқаро спорт мусобақаларини ўтказиш вақтида Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳиясини ижро этиш маросими халқаро спорт ташкилотларининг мавжуд амалиётини инобатга олган ҳолда белгиланади.

Бундан ташқари, Мазкур Қоидалар талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиши белгилаб қўйилди.

Хўш, мазкур қоидаларни бузганлик учун қандай жавобгарлик мавжуд?

Бунда биз Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексига мурожаат қиламиз.
Кодекснинг 203-1-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси ёки Қорақалпоғистон Республикасининг Давлат байроғи, Давлат герби ёхуд Давлат мадҳияси тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса — уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексида ҳам давлат рамзларига ҳурматсизлик билан боғлиқ тартиб-қоида белгиланган. Хусусан, ЖК 215-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси ёки Қорақалпоғистон Республикасининг Давлат байроғи, Давлат герби ёхуд Давлат мадҳиясига ҳурматсизлик қилиш энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч ойгача қамоқ билан жазоланади.

Эслатиб ўтаман, аввалроқ, яъни 2013 йил 22 февраль куни футбол бўйича спорт мусобақаларини ўтказиш вақтида томошабинларнинг (мухлисларнинг) ўзини тутиш қоидалари тасдиқланган эди.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (1)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига