Yangi hujjatlar

“Соғлом бола йили” Давлат дастури тасдиқланди

2014 йил 19 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Соғлом бола йили” Давлат дастури тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақида ЎзА хабар бермоқда.

Хабарда таъкидланишича, “дастурда аввало ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом, мустақил фикрлай оладиган, юксак интеллектуал салоҳиятли, чуқур билимли ва замонавий дунёқарашга эга, мамлакат тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир баркамол авлодни шакллантириш, давлат ва жамиятнинг барча куч ва имкониятларини ана шу мақсадларга сафарбар этишга доир кенг миқёсли чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган”.

“СОҒЛОМ БОЛА ЙИЛИ” ДАВЛАТ ДАСТУРИ БИЛАН БОҒЛИҚ ХАБАРЛАР:

Дастур етти бўлим ва 125 банддан иборат бўлиб, унда болалар туғилиши, таълим-тарбияси, оилада соғлом муҳитни, унинг иқтисодий ва маънавий-аҳлоқий асосларини мустаҳкамлаш, ижтимоий соҳа ривожига ажратилаётган маблағлар самарадорлигини ошириш билан боғлиқ барча масалалар акс этган.

  • Биринчи навбатда, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш учун қулай ташкилий-ҳуқуқий шароитлар яратишга қаратилган қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, янги қоида ва меъёрларни ишлаб чиқиш бўйича чора-тадбирлар белгиланган. Саккизта қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш режалаштирилган. (Батафсил)
  • Дастур доирасида, хотин-қизлар, болалар ва ўсмирларнинг сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида ҳар ойда соғломлаштириш ҳафталиклари ташкил этилади, шунингдек, мамлакатимиз етакчи тиббиёт муассасалари мутахассислари иштирокида олис туманларда яшовчи 145 минг нафар аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади.
  • Мамлакатимизда 130 маданият ва дам олиш марказларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўн бешта янги маданият ва истироҳат боғларини барпо этиш, мавжуд йигирма тўққизтасини реконструкция қилиш ва таъмирлаш режалаштирилган.
  • 2014 йилда намунавий лойиҳалар асосида 11 минг якка тартибдаги уйлар қурилади.
  • Республика ихтисослашган педиатрия илмий-амалий марказининг қатор бўлинмалари, ТошПТИ клиникалари, 13 вилоят кўп тармоқли болалар тиббий марказлари, 62 туман тиббиёт бирлашмалари ва бошқа тиббий ва тиббий-ижтимоий муассасалар қурилади ҳамда тубдан таъмирланади.
  • Турли инфекцияларга қарши янги вакциналарнинг босқичма- босқич жорий қилинишини ҳисобга олиб, болаларни эмлаш дастурини такомиллаштирилади. Миллий эмлаш тақвими асосида контингентнинг камида 97 фоизини қамраб олган профилактик вакцинация қилиш кўлами кенгайтирилади.
  • Йил давомида мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ва ўқувчиларнинг 6,6 миллионга яқини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади.
  • Қишлоқларда яшайдиган оналарнинг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида 400 минг нафар ҳомиладор аёл махсус поливитаминлар билан бепул таъминланади.
  • “Баркамол авлод” болалар марказларини шакллантириш дастурининг амалга оширилиши жараёнида 66 шундай марказлар тубдан таъмирланади ва жиҳозланади.
  • 2014/2015 ўқув йилида 2,6 миллион ўқувчи 575 номдаги 25 миллион нусха дарсликлар ва ўқув-услубий қўлланмалар билан таъминланади.
  • Давлат дастурида 60,1 мингта ўқув ўринга мўлжалланган 380 умумтаълим мактабларини реконструкция қилиш ва таъмирлаш, уларни компьютер техникаси, ўқув-лаборатория жиҳозлари ва бошқа ускуналар билан таъминлаш белгиланган.
  • Бундан ташқари, 161 касб-ҳунар коллежи ва академик лицей, 48 болалар мусиқа ва санъат мактаби, 110 болалар спорт объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва тубдан таъмирлаш режалаштирилган.
  • 586,9 минг нафар биринчи синф ўқувчиларига ўқув жиҳозлари тўпламлари ва 6,5 миллион нусхадаги дарсликлар, умумтаълим мактабларининг 500 мингдан ортиқ 2-синф ўқувчиларига чет тиллар бўйича мультимедиали иловали дарсликлар бепул берилади.
  • Ёзги таътил даврида болаларнинг ҳордиқ чиқариши ва бўш вақтларини мазмунли ўтказишини таъминлаш мақсадида соғломлаштириш оромгоҳларига 280 минг нафар ўғил-қиз имтиёзли, 35,7 минг нафари бепул йўлланмалар билан таъминланади.
  • Тошкент ва Термиздаги ҳайвонот боғлари, Тошкентдаги ботаника боғи реконструкция қилинади.
  • Самарқанд ва Фарғонада Тошкент ҳайвонот боғи филиаллари очилади.
  • Зарафшон шаҳрида аквапарк қурилади.
  • Республика қўғирчоқ театри ва «Томоша» болалар мусиқали театр студияси капитал таъмирдан чиқарилади.
  • Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан кам таъминланган оилалар фарзандларига 516,9 минг тўпламдаги қишки кийим ва 3,1 миллион нусхада дарслик, ўқув қуроллари бепул берилади.
  • 2014 йил ноябрь ойида Тошкентда «Бола учун ижтимоий шериклик: миллий ва хорижий илғор тажриба» мавзусида халқаро форум ўтказилади.
  • Давлат дастури доирасида амалга ошириладиган тадбирларга 4 509,2 миллиард сўм ва 302,9 миллион доллар миқдорида маблағ йўналтирилади.
Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (0)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Битта фикр

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига