Аввал хабар қилганимдек, 2014 йил 19 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Соғлом бола йили” Давлат дастури тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Дастур етти бўлим ва 125 банддан иборат бўлиб, дастурни амалга оширишда 2014 йилга режалаштирилган жами харажатлар миқдори 4 509,2 млрд сўм ва эквивалентда 302,9 млн долларни ташкил қилмоқда.
“СОҒЛОМ БОЛА ЙИЛИ” ДАВЛАТ ДАСТУРИ БИЛАН БОҒЛИҚ ХАБАРЛАР:Дастурнинг 2-бўлими соғлом боланинг дунёга келиши масаласига соғлом ва аҳил оиланинг меваси сифатида қараб оилада ўзаро ҳурмат ва меҳр-муҳаббат, юксак ахлоқий ва маънавий қадриятлар муҳитини шакллантириш, ёш оилаларнинг оёққа туриб олиши учун моддий ёрдам кўрсатиш, оналик ва болалик ҳимоясини таъминлаш, она ва боланинг саломатлигини мустаҳкамлаш, аёлларнинг ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши, уларнинг рўзғор ташвишларини енгиллаштириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш билан боғлиқ 31 та масалага бағишланган.
Хусусан, дастурнинг 12-бандига мувофиқ, ижтимоий муҳофазага муҳтож бўлган 700 дан зиёд ёш оилага тўй маросимларини ўтказиш ва турмуш шароитларини яхшилаш учун ҳомийлик ёрдами кўрсатиш белгилаб қўйилди.
Ушбу ҳаракатларни амалга ошириш учун “Маҳалла” фонди маблағларидан 1 млрд. сўм ажратилиши назарда тутилган.
Шунингдек, юқоридаги тадбирларни ўтказишга Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳам масъул бажарувчилар сифатида кўрсатилган.
Тўй маросимлари йил давомида ўтказилиши режалаштирилган. Ҳозирча ижтимоий муҳофазага муҳтожлар рўйхати қай тартибда шакллантирилиши ва қайси ҳудудда нечтадан тўй ўтказилиши маълум эмас.