Yangi hujjatlar

Қўғирчоқ театрини мукаммал таъмирлашга 15 миллиард сўм маблағ ажратилади

2014 йил 7 август куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Республика қўғирчоқ театри биносини мукаммал таъмирлаш ва унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 19 февралдаги ПҚ-2133-сон қарори билан тасдиқланган «Соғлом бола йили» Давлат дастурининг 99-банди ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган.

Қарорда таъкидланишича, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, «Давархитектқурилиш» қўмитаси ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Республика қўғирчоқ театри биносида мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини бажариш доирасида буюртмачи этиб Тошкент шаҳар ҳокимлигининг «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компаниясини белгиланган.

Бош лойиҳачи ва пудратчи ташкилотлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқланади.

Тошкент шаҳар ҳокимлигига Маданият ва спорт ишлари вазирлиги билан биргаликда иншоотда таъмирлаш ишлари амалга оширилаётган давр мобайнида Республика қўғирчоқ театри ўз фаолиятини олиб бориши учун унга қулай шароитларга эга бўлган бинони вақтинчалик ажратилишини таъминлаш вазифаси топширилди.

Шунингдек, қарорда Молия вазирлиги 2014 йилда иншоотнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун 400,0 млн сўмгача маблағларни Давлат бюджети параметрларида ижтимоий соҳага назарда тутилган маблағлар доирасида ажратиши белгиланди.

Эслатиб ўтаман, «Соғлом бола йили» Давлат дастурининг 99-бандига кўра, театрни мукаммал таъмирлаш учун давлат бюджетидан 15 миллард сўм миқдорида (шундан, 2014 йилда 400 миллион сўм) маблағ ажратилиши назарда тутилган.

Республика қўғирчоқ театри 1939 йил 19 октабрда ташкил топган бўлиб, театр 2 та асосий жамоани – “Петрушка” номли ўзбек ҳамда ўқувчилар саройидаги рус қўғирчоқ студияларидан ташкил топган. “Петрушка”ни халқнинг севимли қўғирчоқбози Тошпўлат Дониёров бошқарган.

Театр ўзининг ҳозирги биносида 1979 йилдан бери фаолият кўрсатиб келмоқда.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (0)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига