Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ислом Каримов 2014 йил 16 апрель куни “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)”ги Қонунга имзо чекди. Қонуннинг расмий матни “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталарида эълон қилинди.
Мазкур Қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2014 йил 27 мартда қабул қилинган ҳамда Сенат томонидан 2014 йил 10 апрелда маъқулланган эди.
Қонунда таъкидланишича, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар ҳокимият ва бошқарув тизимини янада демократлаштириш, «кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари» принципи босқичма-босқич амалга оширилишини таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг давлат ҳокимияти органлари тизимидаги ролини, ички ва ташқи сиёсатнинг стратегик вазифаларини амалга оширишдаги ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда ижро этувчи органлар фаолияти устидан қонун чиқарувчи олий органнинг, ҳокимият вакиллик органларининг назорат функцияларини кучайтириш, шунингдек ҳукуматнинг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш вазифаларини рўёбга чиқариш борасидаги масъулиятини ошириш мақсадида киритилмоқда.
Қонунга биноан Конституциянинг 6 та моддасига тегишли равишда ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Булар қуйидагилар:
32-модда. Фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқлари.
78-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биргаликдаги ваколатлари.
93-модда. Ўзбекистон Республикасининг Президентининг ваколатлари.
98-модда. Вазирлар Маҳкамаси.
103-модда. Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ва халқ депутатлари Кенгаши.
117-модда. Сайлов тизими.
Қонуннинг тўлиқ матни билан қуйидаги манзилда танишишингиз мумкин.
Қонун 2014 йил 17 апрель кунидан кучга кирди.