Yangi hujjatlar

Ўзбекистонда блогерлар ҳақидаги қонун кучга кирди (шарҳ)

2014 йил 4 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунга имзо чекканлиги ҳақида хабар берган эдим.

Мазкур ҳужжат асосида, 9 та Кодекс, 19 та Қонун ва 1 та Низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 11 декабрда қабул қилинган «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги Қонунига блогерлар билан боғлиқ қўшимчалар киритилди.

bloger-qonun

Қонуннинг “Асосий тушунчалар” деб номланган 3-моддасига “блогер” атамасига изоҳ берувчи норма қўшилди. Унга кўра, блогер Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтига ва (ёки) веб-сайт саҳифасига ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа хусусиятга эга ахборотни жойлаштирувчи, шу жумладан ахборотдан фойдаланувчилар томонидан ушбу ахборотни муҳокама қилиш учун жойлаштирувчи жисмоний шахс.

Шунингдек, Қонунга қуйидаги мазмундаги 12-1-модда (ўн икки прим биринчи) ҳам киритилди:

12-1-модда. Ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборотни Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш

Веб-сайтнинг ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг эгаси, шу жумладан блогер ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштириладиган Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтидан ва (ёки) веб-сайт саҳифасидан:

  • Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват этиш;
  • уруш, зўравонлик ва терроризмни, шунингдек диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғояларини тарғиб қилиш;
  • давлат сири бўлган маълумотларни ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ошкор этиш;
  • миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи, шунингдек фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўювчи ахборотни тарқатиш;
  • гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни тарғиб қилиш;
  • порнографияни тарғиб қилиш;
  • қонунга мувофиқ жиноий ва бошқа жавобгарликка сабаб бўладиган бошқа ҳаракатларни содир этиш мақсадларида фойдаланилишига йўл қўймаслиги шарт.

Веб-сайтнинг ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг эгаси, шу жумладан блогер ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштириладиган Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтига ва (ёки) веб-сайт саҳифасига ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборотни жойлаштиришдан аввал унинг тўғрилигини текшириши, шунингдек жойлаштирилган ахборотнинг нотўғрилиги аниқланган тақдирда уни дарҳол ўчириб ташлаши шарт.

Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида белгиланган мажбуриятлар веб-сайтнинг ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг эгаси, шу жумладан блогер томонидан бажарилмаган тақдирда мазкур веб-сайтдан ва (ёки) веб-сайт саҳифасидан фойдаланиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда махсус ваколатли орган томонидан чекланиши мумкин.

Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида белгиланган талабларни бузганлик қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

ҚОНУНГА ҚИСҚА ШАРҲ

Мазкур Қонун доирасида юзага келиши мумкин бўлган баъзи саволларга жавоб бериб кетишга ҳаракат қиламан.

Қонун фақат .uz доменида жойлашган сайт ёки блогларга тааллуқлими?
Йўқ, ундай эмас. Қонунда “Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги веб-сайт ва (ёки) веб-сайт саҳифа” дейилган. Бу барча домен зоналардаги сайтларга тааллуқли, шу жумладан, машҳур блог платформалари ҳисобланган Blogspot, LiveJournal, WordPress ва ҳ.к.лардаги саҳифаларга ҳам.

Қонун фақат Ўзбекистон ҳудудида фаолият юритувчи блогерларга тааллуқлими?
Йўқ, ундай эмас. Қонунда ҳудуд назарда тутилмаган. Қонунда тақиқланган ахборотлар Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида блог юритаётган блогер томонидан тарқатилса ҳам, тегишли қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлаверади.

Қонун фақат Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун амал қиладими?
Қонунда блогернинг фуқаролиги кўрсатилмаган. Унда “Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтига ва (ёки) веб-сайт саҳифасига ахборот жойлаштирувчи жисмоний шахс” дейилган. Демак, унинг фуқаролиги аҳамиятга эга эмас. Агарда хориж фуқаролигига эга бўлган блогер томонидан мазкур Қонунда тақиқланган ахборотлар киритилса ва у Ўзбекистон Республикаси манфаатларига зид бўлса ёки Ўзбекистонга, унинг фуқароларига зиён келтирса, унда тегишли қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлаверади.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ҳам блогер ҳисобланадими?
Бу бироз ўйлантирадиган савол. Сабаби Қонунда айнан мана шу масалага ойдинлик киритилмаган.

Лекин Қонун матнида “ўз веб-сайтига ва (ёки) веб-сайт саҳифасига эга жисмоний шахс” дейилган. Бу ерда веб-сайт тушунарли, аммо “веб-сайт саҳифаси” дейилганда айнан нима назарда тутилганлиги номаълум. Агарда ижтимоий тармоқларни, айтайлик Facebook ёки Twitter`ни веб-сайт деб олсак, унда очилган профилларни веб-сайт саҳифаси деб қабул қилсак, унда ижтимоий тармоқнинг барча фойдаланувчиларини блогер сифатида эътироф этиш жоиз бўлади. Яъни ижтимоий тармоқда бирон статус, бирон фотосурат қолдирган ва ҳамма эркин фойдаланиши ва муҳокама қилиши мумкин бўлган ахборот жойлаштирган ҳар қандай жисмоний шахс блогер мақомини олади.

Аммо Қонун матни ҳақиқатдан шундай талқин қилинса, унда блогерликнинг асл моҳиятига зид бўлади. Аслида ижтимоий тармоқларнинг ҳар қандай фойдаланувчиси блогер сифатида эътироф этилмаслиги лозим.

Қонун қандай ўзгаришларга сабаб бўлади?
Деярли ҳеч қандай. Таъкидлаш жоизки, Қонунга киритилган нормалар илгари ҳам қонунчилигимизда деярли мавжуд эди. Агар кенгроқ таҳлил қилинса, мазкур ҳужжат асосида қонунчилигимизга қуйидаги ўзгаришлар киритилди:

“блогер” деган атама расман қўшилди;
ахборотнинг тўғрилигини текширмасдан, бошқа манбага ҳавола берган ҳолда блогда исталган ахборотни тарқатишга чеклов қўйилди (шунга яқинроқ қоидалар аввал ҳам мавжуд эди).

Бўлди, шахсан мен бошқа жиддий ўзгариш кўрмадим.

P/S: Қонунга берилган юқоридаги шарҳлар фақат субъектив характерга эга бўлиб, у менинг шахсий фикрларимдир. Берилган фикрларни расмий шарҳ сифатида қабул қилмаслигингизни сўрар эдим.

МАВЗУГА ОИД МАҚОЛА:

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (5)
  • Йўқ (1)
  • Бироз (0)

Битта фикр

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига